Ақ-Суу қапчиғайидаги Путин чўққисига ўрнатилган Украинанинг байроғи ҳақида хабар қилган альпинистларни милиция сўроққа чақирди. Бу ҳақда Чуй вилоят ИИБнинг матбуот хизмати билдирди.
«Милиция ўрмончини сўроққа олди. У 24-майда 18:30да Путин чўққисига бораётган икки альпинистни кўрганини айтиб берган. Милиция уларнинг шахсини аниқлади. Улар гувоҳ қатори тергов қилиниб, байроқни чўққига чиққандан кейин кўришганини айтишган», — деб билдиришди вилоят ИИБдан.
Милициядан ишнинг тафсилотлари аниқланаётганини қўшимча қилишди.
Бунга қадар альпинистлардан бири ижтимоий тармоқларга видео эълон қилиб, Қирғизистон тоғидаги Путин чўққисига номаълум альпинистлар Украинанинг байроғини тикиб қўйганини билдирган.
«Агар дунёда Путин чўққиси билан Украинанинг байроғи бор бўлса, у ҳолда улар албатта учрашади. Бебошлар қўйиб кетишибди, ким эканини билмаймиз», — деб ёзилган видеонинг баённомасида.
У 25-майда туман ИИБдан паспортининг суратини олиб қолишганини, ҳамрохини эса сўроққа чақиришганини билдирган.
Украинадаги уруш ва Путин чўққиси
Путин чўққиси денгиз даражасидан 4 446 метр баландликда, Бишкекдан унча узоқ бўлмаган Ақсуу қапчиғайида жойлашган.
Чўққига 2011-йили Россиянинг президенти Владимир Путиннинг номи қўйилган.
Оти йўқ чўққига Путин номини бериш 2010-йилнинг декабрида таклиф қилинган. Депутатларнинг таклифи ҳукумат томонидан маъқулланган. Ўша йилнинг 24-декабрида премьер-министр Алмазбек Атамбаев Тянь-Шан чўққиларидан бирига «Владимир Путиннинг чўққиси» деган жуғрофик номни бериш ҳақидаги қонун лойиҳасига қўл қўйган.
2011-йилнинг февралида эса парламент ҳукуматнинг ташаббусини қўллаган.
Рус ҳарбийларининг Украинага тўлиқ кўламдаги ҳужуми вақтида турли давлатларнинг фаоллари Украинани қўллаб акцияларни, митинг ва пикетларни уюштириб келишади.
Фаоллар Бишкекда ҳам митингларга чиқиб, украин ҳалкига қўллов кўрсатиб, урушга қарши фикрларини айтишган. Қирғизистон Россия билан Украина урушида расман бетарафлик позициясида турибди, бу ҳақда давлат ҳукумати ҳам айтиб келади.