Сузоқдаги мактабда ўқувчини калтаклаган ўқитувчи ишдан олинди

318

Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Сафаровка қишлоғида ўз ўқувчисини калтаклаган ўқитувчи ишдан бўшатилди. Бу ҳақда 24.kg нашрига Сузоқ туманининг таълим бўлими етакчисии Тиничбек Усенов маълум қилди.

Усеновнинг айтишича, ўқитувчи Меҳнат кодексининг «Жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонлик билан боғлиқ таълим усулларини қўллаш» моддаси бўйича ишдан бўшатилган. Бундан ташқари, Усеновнинг қўшимча қилишича, милиция мактаб директорининг жавобгарлигини ҳам кўриб чиқади.

Жалолобод вилояти ички ишлар бошқармасининг хабар беришича, қизга нисбатан етказилган тан жароҳатининг оғирлигини аниқлаш мақсадида экспертиза тайинланган.

«Биз ҳозир қизни кўриш учун касалхонага етиб келдик. Ўқувчининг ота-онаси билан учрашдик. Уларнинг ўқитувчига нисбатан эътирозлари йўқ», — деди у.

Сузоқда ўқувчининг калтакланиши

25-майда Фейсбукда ўқитувчи билан ўқувчи қиз тортишиб кетиб, шундан кейин ўқитувчи қизни ургани бўйича видеолар тарқаган. Кейин жанжал Сузоқ туманидаги №1 Жоомарт Боконбаев номидаги мактабда қўл меҳнати дарси вақтида чиққани маълум бўлган.

Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармаси воқеа бўйича Сузоқ туман милицияси текширув олиб бораётганини билдирган. Ўқитувчи билан ўқувчилар сўроққа олиниб, жабрланувчи қизга суд-тиббий экспертиза тайинланган.

Омбудсмен Атир Абдрахматова воқеага тезкорлик билан реакция қилиб, ўқитувчи ҳамда мактаб директори «жавобга тотилиши керак» деб ёзган. Таълим вазири Алмаз Бейшеналиев эса «қандай ҳолат бўлмасин ўқитувчи ўқувчига қўл кўтармаслиги керак эди» деб билдирган.

Ўқувчи қизнинг онаси ўқитувчи улардан кечирим сўраганини айтиб, милицияга ариза ёзмаганини маълум қилди. Қизи эса ўзини ёмон ҳис қилгани сабаб касалхонага ётқизилганини айтади.