Factcheck.kg Жапаров «Кабар»га берган интервьюсида ёлғон маълумот бериб, манипуляция қилганини ёзди

4778

Factcheck.kg нашри президент Садир Жапаровни «Кабар» миллий ахборот агентлигига берган интервьюсини таҳлил қилди. Фактчекерлар суҳбат вақтида ёлғон маълумот айтилиб, айрим фактлар манипуляцияланганини аниқлашди. Гап нима ҳақда?

Қимматбаҳо кийимлар

Президент: аслида мен дабдабали ҳаётга кўнмаганман. Бундан кейин ҳам бунга интилмайман.

Журналистлар президентнинг бу сўзини ёлғон деб ҳисоблашади. Улар Жапаров қирғизистонликлар учун қиммат деб саналган кийим кийиб бир неча марта жамоатчилик олдига чиққанини эслатишди. Масалан, февралда деярлик 6 минг долларлик куртка кийган президент Ўш бозорини айланиб, сотувчилар билан учрашган.

«Жапаров кийган кийимларнинг бирини кийгиси келган қирғизистонликлар ўрта ҳисоб билан 5-20 ойлик маошини сарфлаши керак», — деб таъкидлайди Factcheсk.kg.

«Келажак авлод учун»

Президент: Аслида ҳар бир қабул қилинган қарорларим, қилган ишларим келажак авлодга мерос бўлиб қолсин деб қиляпман.

Президент бу билдирувни «Иссиқкўл» меҳмонхонаси ўрнига қурилувчи президентнинг янги девони ҳақида сўзлаётиб айтган. Жапаровнинг айтишича, янги бинонинг қурилишига бюджетдан пул сарфланмайди — бироқ инвесторларга Бишкекнинг жанубидан ажратилган 16 гектар ер берилади.

Factcheсk.kg президент ўз сўзида «Лингвопропаганда» деб аталган манипуляцияни қўллаган деб ҳисоблашди.

«Манипуляциянинг бу тури “Лингвопропаганда” деб аталади. Унда манипулятор маълумотни ўзгартириш ва/ёки аудиторияга эмоционал таъсир қилиш учун бадиий ёритишнинг турли воситаларидан фойдаланади», — деб билдирди нашр.

Тирбандликлар ҳақида

Президент: Бишкекнинг маркази автотирбандликларга тўлиб кетди. Олдин Москвада тирбандликда икки-уч соат турасан дердик. Ҳозир бизнинг Бишкек ҳам қолишмайди. Шунинг учун биз фақатгина президент биносини эмас, бутун вазирликларни ҳам юқори томонга кўчирамиз. Барча вазирлар бир бинода ўтиришади.

Factcheсk.kg Жапаров бу ерда ҳам фактларни ўзгартирган деб ҳисоблайди. Журналистлар Бишкекдаги тирбандлик давлат органларининг жойлашишига боғлиқ эмаслигини, бунга ҳар йили ортиб бораётган яшовчиларнинг сони, жамоат транспортини камайиши, шахсий машиналарнинг кўпайиши, амалдорлар ҳамда президент кортежи сабаблигини эслатишди.

«Манас» аэропорти ҳақида

Президент: Ўтган йили “Манас” аэропорти 4 миллиард 4 миллион сом соф даромад берди. Олдин соф даромад бергани 2019-йили бўлган экан. 1 миллиард 800 миллион сом берибди. Биз у ердаги коррупцияни йўқ қилгандик, бу йил мана 4 миллиард даромад бермоқда.

Factcheсk.kg бу ердаги фактларни ўзгартириш бор деб ҳисоблашади. Улар 2021-йилнинг июлида «Манас» аэропортининг матбуот хизмати 6 ойда тарихда рекорд даромад топганини эълон қилганини эсга солди. Унда даромад коррупция схемалар йўқлигидан эмас, янги авиакомпаниялар жалб қилиниб, ички рейсларнинг сони кўпайганидан ўсган деб тушунтиришган.

«ОАВга босим ҳақида

Президент: Қирғизистонда ОАВга ҳеч қандай босим йўқ.

Factcheсk.kg буни ёлғон деб аташти. Журналистлар бунда «Медиа Полиси Институти» жамоат жамғармасининг мониторингига таянишди. Мониторингда Қирғизистонда сўз эркинлигининг ҳолати охирги 1,5 йилда давлат босимининг кучайиши сабаб ночорлашмоқда деб хулоса келиб чиққан.

«Ўрганилган вақтда жиноий қонунлар ҳукуматни танқид қилганларга ва бошқача фикрлаганларга босим кўрсатиш учун фаол қўлланилган. Сўз эркинлигини чеклаган янги қонунлар ва ҳуқуқий актлар ҳам қабул қилинган», — дейилади маълумотда.

«Клооп»нинг таҳлилига кўра, Қирғизистонда ОАВга босим кучаймоқда. Журналистлар тажовуз, босим, таҳдидларга учрайди, фаолиятига тўсқинлик қилишади. ОАВга босим кучайганини «ПолитКлиника»нинг дата-анализи ҳам тасдиқлайди.

«Бош прокуратуранинг маълумотига кўра, 2010-йилдан 2022-йилгача журналистларга ва ОАВга нисбатан ўн уч жиноий иш қўзғалган. Уларнинг ярмидан кўпи охирги икки йилда очилган», — дейилади журналистларнинг мақоласида.

Президент: Айрим бузуқи медиа вакиллари ўз қилмишларига жавоб бермай, қутилиб кетиш учун «вой мени қамашяпти» деб бақириб, чиқаётганлари бор. Улар – ёки қилмишлари бор ёки суриштирувчи журналист бўлволиб, ёлғонларнинг барини бир кишига чаплаганлар.

Factcheсk.kg бу ҳам манипуляция дейди. Улар Жапаров Қирғизистонда сиёсатчиларга ва журналистларга таъқиб бўлмаслигини, ўлка аввалгидай демократик давлат бўлиб қолаверишини, унда сўз эркинлиги ва ОАВ ходимларининг хавфсизлиги сақланишини бир неча марта билдирганини эслатишди.

«Энди ҳар бир журналистнинг шундай суриштируви бўлса, текширинглар. Мен коррупцияни текшириш бўйича сизларга сўз беряпман. Бирорта ҳам журналистнинг коррупцияни фош қилган материали эътиборсиз қолмайди», — деб билдирган Жапаров 2020-йилнинг 10-октябрида.

Ўтган йилнинг 5-ноябрида маълумот ва матбуот куни муносабати билан Садир Жапаров журналистларнинг саволарига жавоб бераётиб, журналистларни ҳеч ким камситиб, таъқиб қилмайди деб билдирган. У ОАВни судга бермаслигини ҳам айтган. Бироқ ҳукумат ОАВга босим ўтказишни давом эттирмоқда — жиноий ишлар қўзғалиб, айрим ОАВга президент очиқ танқид билдириб, журналистларнинг ижтимоий тармоқдаги аккаунтларини бузиб кириш ҳаракатлари бўлмоқда.

Митингларни тақиқлаш

Президент: [Митингларга] ҳеч ким чеклов қўймади. Горький боғига бориб истаган куни истаганча митинг қилинглар. Биз шунчаки элчиликлар олдига борманглар деяпмиз. Маданият деган нарса бўлиши керакда.

Factcheck.kg 1-апрелда пойтахтнинг туман судари Бишкекнинг Ички ишлар бошқармасини тинч йиғилишлар ҳақидаги чиқарган қарорини қонуний деб топганини эслатишди. Тақиққа Ала-Тоо майдонидаги расмий тадбирлар кирмайди.

Конституциянинг 39-моддаси ҳар бир фуқарони тинч йиғилишларга эркин чиқишини кафолатлайди. 1-апрелда Садир Жапаров фуқароларни элчилик олдига митингга чиқмасликка чақирган, бироқ акцияларни Горький паркида ўтказишга рухсат берган. 2-апрелда Горький боғига «Путинизмга» қарши митингга чиққанларни ушлаб кетишган. Бироқ суд ишнинг барини ёпган, сабаби митинг иштирокчилари қонун бузишган эмас.

Қариндошларини раҳбарлик лавозимларига тайинлаш бўйича

Президент: Митингларга қарши эмасман. Чиқаверишсин. Бироқ мени қулатамиз дегандай, мен ичиб-еб, қариндошларимни вазир, губернатор қилган бўлсам ёки яқинларим давлат ишларига аралашган бўлса, унда мени қулатамиз дейишса ярашади.

Factcheck.kg нашрининг журналистлари буни манипуляция дейишади. Улар президентнинг қариндошлари раҳбарлик хизматларида ишлаётганини эслатишди.

2022-йилнинг мартида Temirov LIVE’нинг суриштирувчи журналистлари президент қудаси Алмазбек Акматовни Ҳисоб палатасининг раиси қилиб тайинланганини аниқлашган.

Temirov LIVE’нинг журналистлари президентнинг бошқа қудалари ҳақида ҳам суриштирув қилишган: Таштанбек Каймазаров, Айдар Адилбеков ва Турусбек Тумонбаев.

2020-йилдаги октябрь воқеасидан кейин Жапаров Каймазаровни Давлат миграция хизматининг директори, Айдар Адилбековни «Шарқий электр» бошчисининг ўринбосари қилиб тайинлаган. Турусбек Түмонбаев «Унаа» давлат ишхонасининг директори бўлган. Журналистларнинг Тумонбаевни коррупция ишлари ҳақидаги суриштируви чиққандан кейин у ишдан бўшатилиб, бироқ жавобгарликка тортилмаган.

Түмонбаев билан қариндошлик алоқаси борлигини президент ўзи ҳам 2021-йили октябрдаги матбуот анжуманида тасдиқлаган. У Тумонбаевни «бу бўйича тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун» бўшатганини билдирган. Бунгача президент қариндошларини давлат хизматларига тайинлашга «тўғри келганини» билдирган.«5-октябрда ўлкадаги ҳолат 2010-йилдаги ҳолатга ўхшаб тартибсиз эди. Шундай оғир вақтда давлатдаги коррупционерлар ташқарига пулни олиб чиқиб кетмасин деб кадр тайинлашларини зудлик билан амалга оширдик. Ўзим билган одамларни муҳим лавозимларга тайинладим. Тахминан 20га яқин давлат ходимларини тайинладим. Уларнинг орасида икки қудам ҳам бор экан. Бироқ президент сайлови битгандан кейин мен ваъда берганимдай ҳоким, губернатордан тортиб барча давлат ходимлари очиқ танлов асосида тайинланади», — деган у 2020-йили.

Жапаровни аҳолининг нечи фоизи қўллайди

Президент: Ҳозирча халқнинг 80 фоизи мени қўллаётганини биламан. Бу фоиз менинг президентлик муддатимда кўпаймаса, камаймайди. Мен озайишига йўл бермайман.

Factcheck.kg буни ёлғон деб ҳисоблайди. Журналистлар халқаро Республика Институтининг (IRI) сўровномасига таянишган. Биринчи сўров 2021-йилнинг февраль ойи охирида, мартнинг бошида ўтказилган. Бу вақтда Садир Жапаровга саволга жавоб берганларнинг 38% ишонган, «Ҳеч кимга ишонмайман» варианти 27%ни тузган. Текширувга ўлка бўйича 1210 одам қатнашган.

Иккинчи сўров 2021-йилнинг июлида ўтказилган. Унга 1211 қирғизистонлик қатнашган. Сўровнинг натижаси бўйича Жапаровга сўралганларнинг 32% ишонган.

Райимбек Матраимов ҳақида

Президент: [Матраимовни] қамамадикми. Қамаб, 2 миллард 150 миллион сом пул ундирдик. “Элдорадо” деган савдо марказини олдик. Элита 10 квартирасини олиб, Давлат ипотека компанияси орқали халққа тарқатдик […] қўлида бор нарсасини, икки миллиарддан ортиқ пулини олгандан кейин чиқардик.

Фактчекер журналистлар буни ёлғон деб ҳисоблашади.

МХДҚнинг ходимлари Матраимовни 2020-йилнинг 20-октябрида қўлга олишган. Махсус хизмат маълумотига кўра, Матраимов ва бошқа хизмат ходимлари 2016-йилдан бери давлат божхона тизимида коррупция схемасини йўлга қўйишган. Бироқ ўша куни Матраимов уйига чиқарилгани маълум бўлган. МХДҚ собиқ божхоначи тергов билан келишиб, 2020-йилнинг охиригача давлат ғазнасига 2 млрд сом тўлашга ваъда берганини билдирган.

Жапаров кейин сиёсий қарор қабул қилганини, шу сабаб Матраимовни бўшатишганини айтган. Бироқ Матраимов белгиланган муддатда 2 млрд сомни тўлашга улгирмаган. Бироқ ўтган йилнинг декабрида МХДҚнинг бошчиси Камчибек Ташиев Райимбек Матраимов давлатга 2 млрд сом қайтарганини билдирган. Унинг катта қисмини 1,4 млрд сомни Молия вазирлиги ҳисобига ўтказган, қолган сумманинг ўрнига савдо марказини ва тўққиз квартирасини берган.

Бироқ «Клооп»нинг журналистлари, OCCRP, Bellingcat ва «Азаттык радиосу» Матраимов эски уйлардан квартираларни улгуржи сотиб олиб, бюджетга келтирилган зарар шрнига 2 млрд сом тўлаш ҳақида тергов билан келишиш учун давлат ҳисобига ўтказганини аниқлашган.

2021-йилнинг февралида Бишкекнинг Биринчи май туман суди Матраимовни коррупцияда айбдор деб топиб, 260 минг сом жарима солган. Суд бу қароорни божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари тергов билан келишишга рози бўлиб, коррупция ҳаракатларини тан олгани учун чиқарган.

«Клооп» билан OCCRP 2021-йилнинг 22-апрелида, ҳукмдан бир неча ой ўтгандан кейин Матраимов Бишкекдаги Эркинлик бульварида жойлашган, томида тожи бор элитали уйдан янги пентхаус сотиб олганини аниқлаган.

Пентхаус қанчага олингани маълум, бироқ шу уйнинг пастки қаватидаги майдони 230 кв метр бўлган шундай уйнинг нархи 200 минг доллар туради.