Садир Жапаров қирғиз-тожик чегарасидаги жанжалнинг бир йиллиги муносабати билан мурожаат йўллади

272

Давлат раҳбари Садир Жапаров 2021-йилнинг 28-апрелида бошланган қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можаронинг бир йиллиги муносабати билан қурбон бўлганларни хотирлаб мурожаат қилди.

Жапаров чегара можароси мустақил Қирғизистон тарихида энг қайғули, энг оғир кунларнинг бири қатори халқимизнинг ёдида қолганини, бироқ бу бошга тушган оғир синов халқнинг бирдамлигини мустаҳкамлаб, ғайратлантирмоқда деб таъкидлади.

«Халқимнинг шундай қийинчиликларда мункайиб қолмай, чўкмай турган олийжаноб фазилатларига давлат раҳбари сифатида ҳам, оддий инсон қатори ҳам бош эгиб таъзим қиламан!» — деб таъкидлади Жапаров.

Шунингдек, президент Баткен вилоятига махсус мақом берилганини ёдга солиб, ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш учун тайёрланган махсус режа-лойиҳаларга тўхталди.

«”Баткен вилоятининг мақоми ҳақидаги” қонун қабул қилиниб, ишга тушди. Қонунда Баткен вилоятининг аҳолисига давлат органлари томонидан бепул ёки имтиёзли тартибда кўрсатилувчи давлат хизматларининг рўйхати аниқланди. Шунингдек, вилоят ҳудудида доим ишлаган, ҳарбий хизмат ўтаган фуқароларга бир неча имтиёзлар берилган», — деди Жапаров.

Шунингдек, Жапаров чегара масаласи ҳамон муҳимлигича қолаётганини айтиб, муаммони сабр, тинчлик музокаралари орқали ҳал қилиш кераклигини таъкидлади.

«Қуролли кучларимизни мустаҳкамлаш мақсадида ўлкамиз тарихида биринчи марта республика бюджетидан керакли замонавий ҳарбий техникалар ва бошқа ускуналар сотиб олинди. Бу борадаги ишлар бундан кейин ҳам давом этади! Қирғиз-тожик давлат чегарасидаги баҳсли чегара ҳудудлари бўйича масалалар ҳамон муҳимлигича қолмоқда. Буни ҳал қилиш биздан синчковликни, сабрни талаб қилмоқда», — деди у.

Қирғиз-тожик чегарасидаги катта можаро 28-апрелда бошланиб, 1-майгача давом этган. Икки давлатнинг чегарачилари бу жанжалда бир-бирини айблашган.

Чегарадаги отишмада 36 қирғизистонлик ҳалок бўлиб, 154 одам жабрланган. Ҳудуддаги ижтимоий объектлар, турғунларнинг уй-жойи ёниб, вайрон бўлган.

Тожикистоннинг расмий маълумоти бўйича, ҳалок бўлганлар сони 19, жароҳатланганлар сони 87га етган.