Жогорку Кенешнинг 27-апрелдаги йиғинида янги тайинланган ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаевге депутат Мирлан Самийкожо Туркияни Тожикистонга «Байроқдор» самолётларини «юборгани ростми» деган савол берди.
Вазир Кулубаев бу маълумот «ҳақиқат» эканини тасдиқлаб, бироқ Тожикистон қанча суммага учувчисиз аппарат олгани аниқланаётганини таъкидлади.
«Элчиликка топшириқ бериб, аниқлаяпмиз. Олдин турк томонга ҳам айтилган. “Буни эҳтиёт бўлинглар, сабаби икки ўртадаги муаммолар ҳал бўлмаган. Шу сабаб “Байроқдор”ни бизнинг қўшниларга сотганда эҳтиёт бўлиб, ҳушёр муносабатда бўлинглар” деб айттирганмиз. Бироқ улар [Турк ҳукумати] айтяпти: “Бу — бизнес, ҳарбий-техник ҳамкорлик ўсаверади” дейишмоқда. Тўлиқ маълумот олгандан кейин турк томон билан сўзлашамиз», — деди у.
Шу йилнинг 21-апрелида Анқарада Тожикистон билан Туркия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик бўйича шартнома имзолаган. Унда Туркия учувчисиз самолётларни сотган давлатлар рўйхатига Тожикистон ҳам қўшилгани маълум бўлган.
Учрашувга тожик мудофаа вазири Шерали Мирзо билан турк мудофаа вазири Хулуси Акар қатнашганини Туркиянинг миллий мудофаа вазирлиги маълум қилган.
Анқарадаги ёпиқ ўтган йиғинда имзоланган шартномага кўра, Туркиядан Тожикистонга экспорт қилинган ҳасрбий техника ҳақида очиқ маълумот айтилмайди. Душанбедаги турк элчилиги Туркиядаги «Байкар» компаниясининг етакчиси, президент Режеп Тайип Эрдоганнинг куёви Селчук Байроқдор билан Тожикистоннинг мудофаа вазири Шерали Мирзонинг суратини Твиттерга жойлаган.
Қирғизистонга олиб келинган «Байроқдор»
Ўтган йилнинг охирида Туркиянинг «Байроқдор TB2» учувчисиз аппаратлари Қирғизистонга олиб келинган. Ҳарбий техника МХДҚнинг чегара хизматига ўтказиб берилган. Аппаратлар бюджет маблағига олинган, бироқ уларга қанча пул ўтказилгани номаълум. Шунингдек, ўлкага қанча аппарат олиб келингани ҳам айтилмаган.
*Айрим ОАВнинг маълумотига кўра, «Байроқдор»нинг донаси 5 млн доллар атрофида туради. «Орлан-10»нинг нархи 120 минг долларгача етиши мумкинлиги айтилмоқда.
«[Учувчисиз самолётлар] ўлканинг хавфсизлигини таъминлаш, давлат чегараларини қўриқлаш учун фойдаланилади», — деб билдирган ўша вақтда президентнинг матбуот хизмати.
«Байроқдор» учувчисиз аппаратлари
«Байроқдор» учувчисиз самолётларининг турлари Туркиянинг хусусий Baykar Makina компанияси томонидан ишлаб чиқарилади. Фирма эгаларининг бири Сельчук Байроқдор Туркия президентининг куёви.
Компаниянинг энг муваффақиятли маҳсулоти сифатида «Байроқдор TB2» зарба берувчи учувчисиз самолёти ҳисобланади. У 4 ракета ёки бомба кўтариб узоқ масофага уча олади.
Турк армияси бу самолётни 2014-йилдан бери қўлланади. Самолётларни улар Сурия билан Ливиядаги махсус операциялада фойдаланган.
Шунингдек, Озарбайжон ҳам бу учувчисиз самолётларни Тоғли Қорабоғда Арманистон билан бўлган ҳарбий можарода фойдаланган. Мутаҳассисларнинг айтишича, бу ерда самолётлар самаралилигини кўрсатган.
«Аниқроғи, Тоғли Қорабоғ Туркиянинг ҳисоя саноатини учувчисиз самолётларни ишлаб чиқаришдаги имкониятини кўрсатувчи жойга айланди», — деб таъкидлаган «Настояшее время»нинг эфирида россиялик ҳарбий эксперт Дмитрий Лотивкин.
Бу самолётлардан Озарбайжондан ташқари Қатар ва Ливия фойдаланади. Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб «Байроқдор TB2» самолётини Туркманистон сотиб олган. Туркиянинг аппаратлари Украианинг ҳам қуролли кучларида бор — ҳозирда ўлка «Байроқдор»ни Россиянинг ҳужумига қарши урушда фойдаланмоқда.