24-апрелда Бишкекдаги «Ак-Босого» янги массивида ўт ўчирувчи машина аварияга учради. Бу ҳақда Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар қилди.
Муассасанинг маълумотига кўра, ўт ўчириш машинаси «Ак-Босого» янги массивига қўнғироқ бўйича бораётган бўлган. Йўлда махсус автомобил билан енгил автомобил тўқнашган.
«Ихтисослашган ўт ўчирувчи автомобил милтилловчи чироқ ва махсус овозли сигнал билан белги берганига қарамай енгил машина йўл бўшатмаган. Натижада машиналар тўқнашган», — деб билдиришди ФҲВдан.
Идорадан қўшимча қилинишича, авария оқибатида махсус ўт ўчирувчи машина ёнга қулаб, уч қутқарувчи ва ҳайдовчи жабрланган.