«Айбим йўқ». Батмакан Жолболдуева 26-майга қадар қамоқда қолдирилди

264
Сурат: Тойчубек Боронбаев/Kloop

Ўш шаҳар судида 21-апрелда блогер Батмакан Жолболдуеванинг эҳтиёт чораси кўриб чиқилди. Суд уни уй қамоғига чиқариш илтимосини рад қилиб, 26-майгача қамоқда қолдирди.

Судья бу қарорини тергов бўйича тайинланган экспертизалар тўлиқ чиқмагани билан асослади. Бунгача терговчи Жолболдуевани уй қамоғига чиқиши «суриштирув ишларига тўсқинлик қилади» деган сабабни айтган.

Мажлис бошлангандан кейин Жолболдуева журналистларга унга қўйилган айбларни тан олмаслигини айтди. Шунингдек журналист Арзигул Галимбетованинг ўлимида «айбдорман деб, ҳисобламайман» деб билдирди.

«Ҳеч қандай тергов ишини кўрмадим. Қўлга олинган куни келган, шу бўйича терговчини ҳам кўрмадим. Қариндошларим овқат олиб келса ҳам, тўрт кун киритмабди. Тоза ҳавога ҳам чиқармади. Ҳуқуқимни топташди», — деди Жолболдуева.

Шунингдек блогер ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилганини вақтинча сақлаш жойининг етакчисини «таҳдидлари» билан боғлаган.

«Вақтинча сақлаш жойининг Эркин деган бошчиси қўрқитди. Қуруқ туҳмат билан қамалиб “халқнинг олдига қандай чиқаман” деб, ўз жонимга қасд қилдим. Мени [бу воқеа бўйича] ҳамон экспертизадан ўтказмади», — деб норози бўлди у.

Бунгача блогернинг адвокати Назгул Суйунбаева уни қамоқда сақлаш «қонунга қаршилигини» билдириб, уни уй қамоғига чиқаришни талаб қилди. У Жолболдуевани ёлғиз она, вояга етмаган болалари ва қари отаси борлиги «ҳисобга олинмаганини» таъкидлаган.

«Батма-Бат» Ютуб каналининг бошчиси Батмакан Жолболдуева 28-мартда журналист Арзигул Галимбетованинг ўлимига боғлиқ қўлга олинган. Олдин унга нисбатан «Эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга олиб келиш» моддаси билан судгача текширув бошланган.

Кейин унга «Бебошлик», «ҳужжатларни қалбакилаштириш», «шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш» моддалари билан жиноий қўзғалгани маълум бўлди. Унинг адвокати қўзғалган ишлар асоссиз эканини айтган, буни блогернинг фаолияти билан боғлаган.