Собиқ Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев Тожикистонга элчи этиб тайинланди

279

Эрлан Абдилдаев Қирғизистоннинг Тожикистондаги махсус ва мухтор элчиси этиб тайинланди. Тегишли буйруққа давлат раҳбари Садир Жапаров қўл қўйди. Бу ҳақда 12-апрелда президентнинг матбуот хизмати билдирди.

Эрлан Абдилдаев.

Бу лавозимда 2018-йилдан бери Жаниш Рустенбеков ишлаган. Рустенбековни шу йилнинг 2-февралида президент Садир Жапаров муддати тугагани сабаб ишдан бўшатган.

55 ёшдаги Эрлан Абдилдаев Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида туғилган. У 1989-йилдан бери Ташқи ишлар вазирлигининг турли бўлимларида ишлаб, 2012-йилдан 2018-йилгача Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган.

Абдилдаев 2020-йилнинг июль ойидан бери Германияда элчи бўлиб ишлаб, шу йилнинг февраль ойида ишдан бўшатилиб, унинг ўрнига Омурбек Текебаев тайинланган.