4-апрелда Бишкекнинг Биринчи май туман судида 2020-йилнинг октябрь воқеалари бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда собиқ президент Алмазбек Атамбаев сўзлашдан бош тортиб, бироқ журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Атамбаев 23-мартдан бери соғлиғи ёмонлашганини билдирди. Бунгача адвокати Замир Жоошев собиқ президент «касал бўлишига қарамай, куч билан ич кийимда, майка билан» 23-мартдаги суд мажлисига етказилганини айтган.
«23-мартдан бери аҳволим яхши эмас. Тиззамни кўрсатардим, бироқ ноқулай бўлмоқда. Турмада соғлиғимни текширамиз деди, бироқ бу бўлмайди. Вақтни чўзиб, мени ўлишим учун қилишяпти, шекилли. Ўзи мен жавоб бергандан кейин Садир Жапаров мендан аччиқланган бўлса керак. Майдакашлик. Бу кунлар ҳам ўтади. Яшагим келади, бироқ тизамни букиб эмас, одам қатори», — деди собиқ президет.
Атамбаев суд мажлисига куч билан олиб келишни «атайлаб қилишмоқда» деб тахмин қилди.
«Коронавирусдан кейин юрагим оғриганини билиб туриб, балки шуни барини атайлаб инфаркт ёки инсульт бўлишим учун қилишаётгандек. Бироқ менинг мақсадим аксинча — душманлар олдида ўлмаслигим керак», — деди собиқ президент.
«Суд мажлисидаги — цирк»
Алмазбек Атамбаев суд мажлисларини «шунчаки цирк» деб ҳисоблайди. Бунгача Батукаевнинг иши бўйича суд унинг иштирокисиз ўтганини таъкидлади.
«Мени феълимни биласизлар. Ҳақиқатгўй бўлиш керак. Шундай суд мажлислари ҳақиқатдан ҳам цирк. Ҳар сафар суд мажлисини менсиз ўтказишни талаб қилиб, ёзма мурожаат қиламан. Батукаевнинг иши бўйича мен судга қатнашган эмасман — туманникига ҳам, шаҳарникига ҳам, Олий судга ҳам. Шундай қилишса бўларди, менга қарши бўлмаганман ҳам. Менга деса умрбод озодликдан маҳрум қилишсин, қийнаш ўрнига. Нима бўлса ҳам мен бир куни чиқаман», — деди у.
Собиқ президент №47 ахлоқ тузатиш колониясидаги шароитлар Сооронбай Жээнбеков вақтидагига қараганда Жапаров даврида яхшиланганини қўшимча қилди.
Алмазбек Атамбаев «қонундаги ўғри» Азиз Батукаевни бўшатиш иши бўйича 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Садир Жапаров нима деган?
Жапаров 25-мартда Фейсбукка Атамбаевни Бишкекнинг Биринчи май туман судидаги мажлисига қатнашишдан бош тортганини танқид қилиб пост ёзган.
Унда давлат раҳбари Атамбаевни судга қатнашиб «айбсиз эканини исботлашга» ундаб, вақтида «мен ҳам суддан қочмаганман» деб билдирган.
«“Ҳукумат буюртма бериб, шундай қилиб ўч оляпти” деган сўзлар бўлибди. Менга хиёнат қилганларнинг ҳаммасини кечирганман. Уларнинг орасида Атамбаев ҳам бор. Бу сўзимни бутун халқ олдида айтганман. Сўзимни қайтариб олмайман. Ўч олиш феълимга мос эмас», — деган у.
Кўп ўтмай Атамбаев унга жавоб бериб, жавобгарликдан қочишга олдин имкон бўлгани билан Қирғизистонда қолганини таъкидлаган. Шунингдек, Атамбаев Жапаровга «кучини унга эмас, давлат ишларига, муаммоли масалаларга сарфлашга» чақирган.
«Чегара, камбағаллик ва бошқа муаммолар кўп. Халқни алдайман деганларни ўзи алданади! Муддатинг кўролмаслик, ўч олиш, майда ишлар билан билинмай ўтиб кетмасин. Олдингда катта мақсад турибди. Майдалашма. Президент кенг феъл бўлиш керак. Яратган сенга тўғри йўл кўрсатсин, ёрдам берсин! Халқимизга, юртимизга иноқлик, барака берсин!!!» — деб ёзган Атамбаев.