Тадбиркордан пора олишда айбланган Бишкекнинг собиқ вице-мэри Азамат Сагиндик ўғли жаримага тортилди

355
Азамат Сагиндик ўғли

Бишкекнинг Биринчи май туман суди «Коррупция» моддаси бўйича айбланаётган пойтахтнинг собиқ вице-мэри Азамат Сагиндик ўғлига 260 минг сом жарима солди. Шунингдек, судланган Бишкек мэриясининг ҳисобчиси «А.М.қизи» 220 минг сом жарима тўлайди.

Нима бўлган?

2021-йилнинг июль ойида МХДҚ ходимлари томонидан Бишкек мэриясининг ер ресурслари бошқармасининг бухгалтери қўлга олинган. Махсус хизмат гумондор «олдин олинган 6 минг АҚШ доллари миқдоридаги порани тадбиркорга қайтариб бераётганда» қўлга олингани маълум қилинган.

Сурат: МХДҚнинг матбуот хизмати

Тергов давомида ҳисобчи Сагиндик ўғлига қарши кўрсатма бериб, эртаси куни вице-мэр қамоққа олинган.

Ҳукмдаги маълумотга кўра, Сагиндик ўғли Туголбай-Ата — Тинистанов кўчаларининг кесилишидаги бузиладиган «Ала-Тоо» кафесини сақлаб қолиш мақсадида тадбиркордан умумий 9 минг АҚШ доллар пора олган. Бунгача Бишкек мэрияси Туголбай-Ата кўчасини реконструкциялаш лойиҳасига кўра, объектни бузишга қарор қилган эди. Бухгалтер «А.М.қизи» воситачи бўлган.

Бироқ вице-мэр Сагиндик ўғли муаммони ҳал қилолмай, «Ала-Тоо» кафесининг эгасига бошқа муниципал ерни беришни таклиф қилган. Бироқ бунга рози бўлмай, пулни қайтаришни талаб қилган. «А.М.қизи» тадбиркорга поранинг бир қисмини қайтараётганда куч органлари томонидан ушланган.

Судгача текширув давомида Сагиндик ўғли ва «А.М.қизи» тергов билан келишишга рози бўлишган. Суд уларни «Коррупция» моддаси билан айбдор деб топиб, жарима солди. Суд пора сифатида берилган 6 минг долларни давлатга мусодара қилди.

Азамат Сагиндик ўғли пойтахнинг вице-мэри хизматига 2020-йилнинг декабрь ойида тайинланган. Бунгача у Бишкек мэриясининг ердан фойдаланиш ва қурилиш бошқармаси бошчиси ҳамда ер ресурслари бошқармасининг раҳбари бўлиб ишлаган.

Азамат Сагиндик ўғли шаҳарнинг вице-мэри қатори шаҳар қуриш, архитектура ва ер масалаларига жавобгар бўлган. У 2021-йилнинг сентябрь ойида ишдан бўшатилган.