Сузоқда 2,5 ёшли ўгай қизини калтаклаб ўлдиришда айбланган шахсга амнистия берилди

343
Сурат: «Справедливость» ташкилоти

Жалолобод вилоят суди 2,5 яшар Асия Рахматуллаеванинг ўлимида айбланган ўгай отаси Туратали Усоновни 10 йилга озодликдан маҳрум қилиб, бироқ жазо муддатини учдан бирига қисқартирди. Бу ҳақда «Справедливость» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг адвокати Нурислам Райимжанов билдирди.

Маълумотга кўра, Усонов «Эҳтиётсизлик сабаб одам ўлимига олиб келган танага оғир зарар етказиш» моддаси билан айбдор деб топилган. Бироқ «1941-1945-йиллари Улуғ ватан урушининг 75 йиллиги муносабати билан ва 2010-йилдаги Апрель халқ революциясининг 10 йиллиги» муносабати билан амнистия қўлланилган.

Бунгача Сузоқ туман суди Усоновни «Эҳтиётсизликдан одам ўлдириш» моддаси билан 4,5 йилга озодликдан маҳрум қилган. Туман  прокуратураси ва марҳумнинг қонуний вакиллари бу қарордан рози бўлмай, Жалолобод вилоят судига шикоят қилишган.

Адвокат Райимжанов вилоят судининг қароридан ҳам норози эканини айтиб, Олий судга шикоят қилишини билдирди.

«Агар одам атайлаб бирор ҳаракат қилса ёки ўзининг кучига баҳо бермай уриб олса — буни эҳтиётсизлик деса бўларди. Бироқ бу ерда гўдакни шафқатсизлик билан калтаклаш бўлмоқда», — дейди Райимжанов.

Дастлаб жиноятда гўдакнинг онаси судланган

Бундан уч йил олдин Сузоқ туманида 2,5 ёшли гўдак ўлдирилиб, унинг ўлимида онаси Тахмина Мансурали қизи айбланган. 2019-йилнинг ноябрь ойида Сузоқ туман суди Мансурали қизини «Одам ўлдириш» моддаси билан айбдор деб топиб, 7,5 йилга ҳукм қилган.

Айбланувчи ҳомиладор бўлгани сабаб 2020-йилнинг январь ойида жазо муддати бола 14 ёшга чиққунча жилдирилган. Ўша йили Жалолобод вилоят прокуратураси ҳукмни вилоят судига бериб, Асиянинг ўлимига ўгай отаси Туратали Усоновни алоқаси борлигини билдирган.

Назорат органи қизнинг онаси айбни тан олганда болани «телефон қувватловчи сим билан урганини» айтган, бироқ суд-тиббий экспертизадан қизнинг ўлимига бошқа жароҳатлар сабаб бўлгани аниқланганини мисол қилган.

Прокуратуранинг шикоятида «[Туратали Усонов] қиз йиғламаслиги учун мурч қўшилган ароқ ичирган, қиз ўгай отасини кўрганда иштонига бовул қилиб юборарди» деб ёзилган.

Бундан ташқари, вилоят прокуратураси суд-тиббий экспертизанинг хулосасига таяниб, қизнинг жигари ёрилиб, қўли ва тиззасида ҳамда белида кўкарган доғлар борлигини, бундан ташқари бошида 38 миллиметр қон қуйилиб қолганини билдирган.

«[Экспертлар] бундай жароҳат тўмтоқ нарсанинг зарбасидан ёки декорга тегишдан [бўлганини билдиришган]», — деб ёзилади «Справедливость» ташкилотининг маълумотида.

Асиянинг яқинлари у ўгай отасидан қўрққанидан бола боғчадан уйига қайтишни истамаслигини ва Усонов билан қолмаслик учун кечки овқатни емай ётиб олишини айтишган.

«Усонов Туратали олдин [ўғирлик учун турмада] ўтириб чиққан бола экан. Судланиб чиққани сабаб у турли жиноятларга қўл уриши мумкин. Сабаби ўгай қизи бўлгани сабаб унгача ҳам Тахминага айтиб юрган экан: “Қизимни бир куни ўлдириб қўяман, ёмон аччиғимга тегяпти. Нимага қизингни ота-онангга бермайсан? Мен сенга уйланганман” деб. Бироқ уйланаётганда: “Тахмина, мен сени яхши кўриб қолдим, қизинг билан бирга оламан, қизингга ота бўламан” деган», — деди Мансурали қизининг адвокати Гулжамал Биликова.

Бундан ташқари, адвокат ўгай ота қизни тамаки чекишга ҳам мажбурлаб юрганини қўшимча қилган.

Тахминанинг отаси Мансурали Боматов Усонов айбни қизининг бўйнига мажбурлаб қўйган деб ҳисоблайди.

«Куёв қизимга айтибди: “Машинани сотиб, сени чиқариб оламан, бўйнингга олавер. Аёл кишини қамамайди, бошқа қилмайди — сен онасан” деб алдабди», — деди Боматов.

Асиянинг ўгай отасининг акаси Мирзабек Усонов журналистларга берган интервьюсида воқеа бўлган куни марҳум бола боғчага бормай, укаси билан уйда қолганини билдирган.

Мирзабек Усонов боланинг ўлимига ким айбдор эканини «айтиш қийин» деб таъкидлаган. Шунингдек, у Асияни боқиб олиш нияти бўлганини, бироқ укаси Туратали бермаганини айтган.

«Мени яхши кўрарди, иккита ширинлик ушлаб олибди: “Бобомга бераман” деди. Мен уни кўриб йиғлаб… яхши, зўр қиз эди-да. “Менга беринглар, боқиб оламан” десам бермади [...] Мен энди укамни мақтай олмайман, ёмон деб ҳам айтолмайман. Ўзи олдин ичарди, янги йилдан олдин даъватга олиб чиққан эдим, “ичма” деб ичирмай қўйганман. Бироқ қиз яхши эди, қизга ачинаман, ёш қиз ҳеч нимани кўрмай кетди», — деб айтиб берган Мирзабек Усонов.

Прокуратуранинг шикоятидан кейин Жалолобод вилоят суди ишни қайта кўриб чиқишга юборган. Сузоқ туман суди 2021-йилнинг 12-ноябрида Туратали Усоновни «Эҳтиётсизликдан одам ўлдириш» моддаси билан айбдор деб топиб, 4,5 йилга ҳукм қилган.

Бироқ прокуратура ва «Справедливость» ташкилотининг адвокатлари ҳукмдан норози бўлиб, Жалолобод вилоят судига мурожаат қилишган. Улар Усоновни «Қотиллик» моддаси билан айблашни талаб қилишган.