«Халқ лой кечиб юрибди». Жапаров мамлакатнинг мол бозорларини тозалаб, асфальтлашни топширди

311

Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров Қирғизистондаги мол бозорларини тартибга келтириб, асфальт босишни топширди. Бу топшириқни у минкабнинг 28-мартдаги йиғинида берди.

Вазирлар маҳкамасининг билдирувида Жапаров йиғинда ўлкадаги мол бозорларнинг аҳволини «кескин танқид» қилгани айтилади.

«Кеча Каракол шаҳридаги мол бозорга келганлар юборган видеони кўрдим. Одамлар лой кечиб юрибди, фуқаролар учун оддий шароитлар йўқ, бу 2022-йили МДҲнинг маданий маркази сифатида танланган шаҳарда бўляпти. Ҳаммасини тозалаб, асфальт тўшаб, ишни натижасини маълум қилишга бир ой вақт бераман. Бу биргина Караколго эмас, республиканинг барча мол бозорларига тегишли. Шахсан ўзим бориб ҳаммасини текшираман», — деб ваъда қилди минкаб раиси.

У топшириқ бажарилиши учун «давлат маъмуриятларининг бошчилари билан шаҳар мэрлари» шахсан жавобгар бўлишини қўшимча қилди.

Аввалроқ минкаб бошчиси давлат органларини ижтимоий тармоқларда фуқаролар билан фаол ишлашга, қирғизистонликларнинг муаммоларидан хабардор бўлиб туришга чақирган. Жапаровнинг айтишича, у фуқароларнинг муаммосини ҳал қилиш учун ижтимоий тармоқларни кузатиб боради.

«Шу сабаб зарур деб ҳисобланган муаммолар ҳақида ёзинглар. Агар иброр бир масалани ёзган бўлсангиз, менга етди деб ўйлайверинг. Президент Садир Жапаров ижтимоий тармоқларни диққат билан кузатади. Кеча тунги 2:00да хат келди. Бизда вице-премьер министрлар ва маъмуриятнинг 305 ходими билан WhatsApp’да турли гуруҳларимиз бор. Муаммолар ва саволларни бир-бирига юбориб туради. Ҳафта давомида таҳлил қиламиз», — деган Жапаров 15-февралда.