«Шошилинч турда». Чет элликларга қиморхоналарни очишга рухсат бериш таклиф қилинди

355

Иқтисод ва савдо вазирлиги «Кўнгилочар иш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Унга кўра, муассаса казино, тотализатор, букмекерлик контор ва залларни, ўйин автоматларининг фаолиятини қайта қонунийлаштирмоқчи.

Қонун лойиҳасининг маълумотномасида лойиҳа «инвестицияларни жалб қилишни стимуллаштириш ва бюджетнинг даромад қисмини кўпайтириш учун ёқимли шароитлар яратиш» мақсадида ишлаб чиқилгани айтилади.

Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, Қирғизистон фуқаролари шунингдек, ўзини бошқаришга лаёқатсиз ёки 21 ёшга тўлмаган хориж фуқаролари қиморхоналарнинг мижози бўлолмайди.

Ҳужжатга кўра, ўйинларни МЧЖ ва ЁҲЖ формасидаги юридик шахсларгина олиб боради. Фаолиятни ваколатли орган томонидан берилган лицензия асосида олиб борса бўлади. Лицензия тўловининг миқдорини вазирлар маҳкамаси белгилайди.

Иқтисод вазирлиги бу қонун лойиҳасини «шошилинч» қатори — навбатдан ташқари тартибда уч ўқишда кўриб чиқишни таклиф қилди. «Бу қонун лойиҳасини қабул қилиш салбий иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, гендер, экология, коррупция оқибатларига олиб келмайди», — деб ҳисоблашади ҳужжатнинг муаллифлари.

Қирғизистондаги қиморхоналар

2012-йилнинг 1-январида Қирғизистон ҳудудида қимор ўйинлари тақиқланган, 2015-йили – тотализаторлар билан букмекерлик идораларига ҳам чеклов киритилган.

2021-йилнинг 27-апрелида президент Садир Жапаров Қирғизистоннинг барча ҳудудларида — йирик шаҳарлар билан вилоят марказларига казино очишни таклиф қилган. Ўша вақтда Жапаров қимор ўйинлари бюджетга миллиардлаган даромад олиб келишини таъкидлаган, минкаб ҳар бир ўйин столи учун солиқ олибгина қолмасдан, казино фаолиятини олиб бориш учун 1- 1,5 млн долларга лицензия сотишини қўшимча қилган.

Бироқ президентнинг ташаббусигача олтинчи чақирилишнинг депутатлари биринчи ўқишда Иссиқкўл вилоятида казино очишга рухсат берган қонун лойиҳасини қабул қилишти. Ҳужжатда Тамчи аэропортининг базасидан 1200 гектар ер ажратиб, бу ҳудудга хорижликлар учун «қимор ўйинларига рухсат берилган етти кўнгилочар меҳмонхона» марказини қуриш таклифи айтилган.

Бу ташаббусга кўра, қиморхоналар фақат шу ҳудудда ишлаб, қирғиз фуқароларини кириши тақиқланган. Қонун лойиҳасининг ташаббусчилари қиморхона ҳудуди иш ўринлари яратишга ва бюджетни тўлдиришга шароит яратади деб таъкидлашган.

Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиниши жамоатчиликда танқид қилинган, сабаби Рамазон ойига тўғри келган эди. Айрим депутатлар овоз бериш битгандан кейин лойиҳани қайта овозга қўйишни таклиф қилишган.

Президент Садир Жапаров ўша вақтда «агар жамоатчилик умуман қарши бўлса» қонун лойиҳасига вето қўйишга тайёрлигини билдирган. Биринчи ўқишдан кейин парламент бу қонун лойиҳасини қайта кўрмади.