Президент Садир Жапаров республика аҳолини рўйхатга олишда иштирок этди

360

25-мартда давлат раҳбари Садир Жапаров 2022-йилдаги аҳоли ва турар-жой фондининг умум республика бўйича рўйхатга олишга қатнашиб, сўровнома шаклида саволларга жавоб берди. Бу ҳақда президентнинг матбуот хизмати  билдирди.

Аҳоли ва турар-жой фондининг умум республика бўйича рўйхатга олишнинг биринчи босқичи 25-мартда бошланиб, 3-апрелгача давом этади. Узоқ тоғли туманларда 23-апрелдан 2-майгача рўйхатга олишнинг иккинчи босқичи олиб борилади.

Бу йилги рўйхатга олишнинг ўзгачалиги — маълумот йиғининг электрон усулларидан фойдаланилади. Шунингдек, маълумот миллий статкомнинг серверидан рўйхатга олувчиларнинг Android 5 версиясидан замонавий русумдаги телефонига ёки планшетига ўрнатилган мобил иловаси орқали очилади. Унга махсус тайёргарликдан ўтган 28 минг рўйхатга олувчи ходимлар ўн кун давомида уйма-уй юришади.

Республика бўйича рўйхатга олиш ўлка ҳудудида яшаган халқнинг расмий сонини аниқлаш учун ўн йилда бир ўтказилади.

Мустақил Қирғизистонда биринчи рўйхатга олиш 1999-йили ўтказилган, унда 4,8 миллион киши рўйхатдан ўтган. 2009-йили ўтказилган аҳоли ва турар-жой фондининг рўйхатга олишини натижасида 5,3 миллион киши рўйхатга олинган. Ўлкадаги эпидемиологик вазият сабаб 2019-йили рўйхатга олиш бир неча марта ортга жилдирилган.

Рўйхатдан ўлкада яшаган ҳар бир одам, унинг орасида бир йилдан ортиқ вақтдан бери Қирғизистонда юрган чет ўлкалик фуқаролар ҳам ўтади.

Рўйхатга олувчи ходимларга махсус гувоҳнома ва QR код берилади, шу сабаб турли фирибгарлардан эҳтиёт бўлиш учун рўйхатга олувчиларни шу ҳужжат орқали текширса бўлади.

Рўйхатдан ўтиш учун ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди, ҳар бир одам қаерда яшагани ҳақида нимани билса айтиб берса, шу ёзилади.

Умумий оила аъзоларининг сони, маълумоти, тили, иши, ёши, яшаш шароити, даромад манбаи, коронавирус, уй деворларининг материали каби 40га яқин савол берилади. Уларнинг барига бир оиладан бир одам жавоб берса бўлади.

Рўйхатга олишнинг дастлабки натижаси сентябрь-октябрь ойларида, расмийси эса бир йилдан кейин маълум қилинади.

Аҳолини рўйхатга олишда сўровномага қатнашган фуқаролар талаб қилинган маълумотларни беришдан бош тортиши мумкин эмас. Бундай вақтда ҳар бир одам ҚРнинг қонунига кўра шахсан ўзи жавоб беради.