Россиянинг Қирғизистондаги элчилиги Украинадаги урушда Иссиқкўл вилоятида туғилиб-ўсган қирғизистонлик йигит ҳалок бўлганини тасдиқлади.
«Украинадаги демилитаризация ва денатсификациялаш бўйича махсус операцияда топшириқни бажараётиб, Россия қуролли кучларида шартнома асосида хизмат қилаётган аскар, Қирғизистонда туғилган рус фуқароси Эгемберди Дорбоев қаҳрамонларча ҳалок бўлди», — дейилади элчиликнинг Телеграмдаги маълумотида.
Норилск шаҳрининг мери Дмитрий Карасев Телеграм каналида марҳумнинг қариндошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.
«Эгемберди Дорбоев Норилск шаҳрига келганига оз вақт бўлган, 2021 йилнинг кузида ҳарбийга чақирилган. У шартнома тузиб, Белгород вилоят разведка батальонида хизмат ўтаган […] Ёрқин хотираси уни таниганларнинг юрагида мангу сақланади», — деди у.
Бу орада қирғизистонликни дафн қилиш маросими бугун 23-мартда Иссиқкўл вилоятининг Қара-Ой қишлоғида ўтиши маълум бўлди. Бироқ марҳумнинг жасади Қирғизистонга олиб келинмагани сабаб, маросим ўтмайдиган бўлди.
«Азаттык»нинг маълумотига кўра, 17-мартда ижтимоий тармоқларда Украинадаги урушда 19 ёшдаги қирғизистонлик ҳалок бўлди деган маълумот пайдо бўлган.
“«Фейсбук» фойдаланувчиларидан бири танишларининг рус армиясида тўрт ой хизмат қилган 19 ёшдаги ўғли урушда қурбон бўлганини билдириб, марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. Маълумотга қараганда, аскар йигит яқинларига 22 февралда телефон қилган. Унинг Россияда ишлаган онасига Россиянинг тегишли муассасалари ўғли 8 мартда ҳалок бўлганини, жасади Қант авиабазасига юборилишини айтишган. «Фейсбук»га бу маълумотни ёзган киши кейин бу постни ўчириб қўйган», — дейди нашр.
Рус аскарлари Украинага 24 мартда ҳужум қилган. Россиянинг мудофаа вазирлиги Украинадаги урушга мажбурий ҳарбий хизматни ўтаётганлар қатнашаётгани ҳақидаги маълумотни кўп вақтгача тасдиқламаган. Бироқ бу орада украин томон бу маълумотни тасдиқлаб, асирга тушган рус аскарларининг видеосини чиқарган.
9 мартда Россиянинг мудофаа вазирлиги Украинада рус армияси қаторида мажбурий ҳарбий хизмат ўтаётган аскарлар борлигини тан олиб, бироқ «бу категориядаги аскарларнинг бари Россия ҳудудига қайтарилганини» билдирган.
«Настоящее время» нашри Россия қонунларига кўра, хизмат қилаётган аскарлар уруш бўлаётган ҳудудга юборилишидан олдин камида тўрт ой хизмат қилиши керак.
Ҳалок бўлган аскарлар ҳақидаги маълумотни икки томон ҳам турлича айтмоқда. Россиянинг мудофаа вазирлиги 2 мартда бир марта 498 рус аскари ҳалок бўлиб, 1597си жароҳатланганини маълум қилган. Муассаса 2870 украин аскари қурбон бўлганини ва 3700га яқин киши яраланганини билдирган.
Украина қуролли кучлари бош штаби урушда 15 мингга яқин россиялик аскар ҳалок бўлганини тасдиқлаган. Бироқ қанча украиналик ҳарбий қурбон бўлгани расмий очиқланмаган. 16-мартда АҚшнинг разведка хизмати Украинадаги урушда Россиянинг етти минг аскари ҳалок бўлиб, яна 14 минги яраланганини билдирган.
ББСнинг рус хизмати Украинада ҳалок бўлган 557 рус аскарини номини аниқлаган.
Муаллиф: Канишай Балкибекова