Ўшда бешинчи қаватдан ўзини ташлаган икки ўқувчи қизнинг бири ҳалок бўлди

372
Воқеа бўлган жой. Сурат: «Турмуш» нашри

17 мартда соат 13:30 атрофида икки ўқувчи қиз Ўш шаҳридаги Аскар Шакиров кўчасидаги кўп қаватли уйнинг бешинчи қаватидан ўзини ташлади. Уларнинг бири воқеа жойида ҳалок бўлиб, яна бири касалхонага етказилди. Маълумотни Ўш ШИИБ тасдиқлади.

Милициянинг маълумотига кўра, қизлар Карл Маркс номидаги мактабнинг 7-синф ўқувчилари. Ҳозирда Ўш вилоятлараро бирлашган касалхонасига етказилган ўқувчи қиз жонлантириш бўлимида — унинг аҳволи «ўта оғир» дейилмоқда. Вафот этган қизнинг жасади эса моргга юборилди.

Айни вақтда милиция воқеани текширмоқда.

Шаҳар милициясидан бунгача мазкур мактабда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича бир неча марта профилактика, тушунтириш ишлари ўтказилганини таъкидлашди. Тадбирга ўқитувчилар ва руҳшунослар қатнашган.

«Бироқ дастлабки тергов амаллари кўрсатишича, орадан оз вақт ўтиб, Карл Маркс номидаги ўрта мактабнинг ўқувчилари томонидан кўп қаватли уйдан ўзини ташлаш факти рўйхатга олинмоқда», — деб билдиришди Ўш ШИИБдан.

23 февралда Ўшда Аскар Шакиров кўчасидаги беш қаватли уйнинг томидан 13 ёшли ўсмир ўзини ташлаб, вафот этган. У қулаган вақтда ёнида ўзи тенгқур бола бўлган.

Марҳумнинг дўсти милицияга берган кўрсатмасида у ўзини ташлашдан олдин бир қизга қўнғироқ қилиб, «яхши қол, мени кечир» деган. Кейин у «она, мени кечир» деб, кутилмаганда ўзини ташлаб юборган.