Президент чегара жанжалида ҳалок бўлган Мамасали Каратаевнинг оиласига автомобил совға қилди

321
Сурат: президентнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакиллиги

2021 йилнинг апрелида қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можарода ҳалок бўлган Баткен туманининг турғуни Мамасали Каратаевнинг оиласига президент Садир Жапаров номидан «Лексус» русумидаги машина берилди. Бу ҳақда «Клооп»га президентнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакиллигидан билдиришди.

Машинани марҳумнинг оиласига Баткен вилояти раҳбари Абдикарим Алимбаев топширди. У Каратаевнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, давлат томонидан ёрдам бериш давом этишини таъкидлади.

Марҳумнинг акаси Абдуразак Каратаев Super.kg нашрига берган интервьюсида укаси қандай вафот этганини айтиб берган. Унинг айтишича, Каратаев отишувда яраланганларни машинасида касалхонага олиб кетаётиб, ўзига ҳам ўқ теккан. Тожик аскарлари унинг машинасини Кўк-Тош қишлоғининг Икки-тош ҳудудида отишган. Марҳумнинг ортида олти нафар боласи қолди.

Ҳозирда Каратаев оиласи Баткен шаҳридаги «Мадина» шаҳарчасида яшайди. Шаҳарчага қуролли можарода миномёт портлаши натижасида ҳалок бўлган 12 ёшдаги Мадина Рахматжанованинг номи берилган.

Апрелдаги жанжал оқибатида 36 қирғиз фуқароси қурбон бўлган. уларнинг оилаларига «Мадина» шаҳарчасидан уй берилган.

Тожик аскарларининг агрессияси

2021 йилнинг 29 апрелини тонгида Тожикистоннинг қуролли аскарлари Қирғизистоннинг чегара яқин қишлоқларига ҳужум қилган. 40 мингдан ортиқ одам ўқдан омон қолиш учун уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Қуролли можарода 36 қирғизистонлик қурбон бўлиб, 154 одам яраланган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жанжалда умумий 140 турар-жой ва 84 объект ёнгани маълум қилинган.

Қирғизистон бош прокуратураси Тожикистон ҳаракатини ҳарбий агрессия деб баҳолаган. Шунингдек, Қирғизистон ҳарбийлари ҳимояланиш мақсадида қуролдан фойдаланганини таъкидлаб, Тожикистон ҳудудидаги аҳоли пунктларига ва бошқа объектларга ҳужум қилмаганини маълум қилган.

Тожикистоннинг расмий ҳукумати жабрланганларнинг сонини очиқламаган, бироқ тожик ОАВлари жанжалда 88 тожик фуқароси яраланиб, улардан 20 киши ҳалок бўлганини маълум қилган.

Бундан ташқари, можарода Тожикистон фуқароларига қарашли 14 уй тўлиқ ва уч уй қисман бузилганини билдиришган. Шунингдек, бир қурилиш ва бир мактаб ярим жабрланган.