Савдо-саноат палатаси вице-президенти фирибгарликда гумонланиб ҳибсга олинди

296
Сурат: «Аю Холдинг»

Бош прокуратура «фирибгарлик» факти бўйича қўзғалган жиноий иш асосида Савдо-саноат палатасининг вице-президенти «Ш.К.А»ни қўлга олди. Бу ҳақда назорат органининг матбуот хизмати 16 мартда маълум қилди.

Тергов давомида, гумондор шериги «Д.Н.Э.» билан 2009 йили давлат моддий захиралари фонди билан тузилган шартнома асосида кўчмас мулкни гаровга қўйиб, умумий 117 млн сомга йирик миқдорда ун сотиб олишгани аниқланган.

«Бироқ бу одамлар шартнома тузилган кундан бошлаб ўз вазифаларини бажаришдан қочишни кўзлаб, 12 йил давомида суд органларига асоссиз аризалар билан мурожаат қилиб келишган. Натижада давлатга умумий 117 миллион сом зарар келтирилган», — деб билдиришди Бош прокуратурадан.

Бундан ташқари, гумондорлар «С.А.» исмли фуқаронинг ишончига кириб, гаровга қўйилган кўчмас мулкни 15 млн сомдан ортиқ суммага сотган. Шу сабаб жабрланувчи «катта миқдорда зарар» кўрган.

Бош прокуратура «Ш.К.А»ни Бишкек шаҳар милициясининг вақтинча сақлаш жойига киритди. Шу иш бўйича гумондор сифатида ўтаётган «Д.Н.Э.» исмли одам халқаро қидирувга берилди.

Савдо-саноат палатасининг сайтидаги маълумот бўйича, «Ш.К.А.» инициалларига вице-президент Канатбек Шатманов тўғри келади. Шунингдек, у ташкилот президиумининг аъзоси қатори кўрсатилган.