Видео: Қорасувда турғунларнинг ўртасидаги жанжалда ўқ отилди

353

Ўш вилоятининг Қорасув шаҳрида маҳаллий турғунлар орасида можаро чиқиб, ўқ отилди. Бу ҳақда 13 мартда Ўш ВИИБнинг матбуот хизмати билдирди.

Маълумотга кўра, 12 март куни соат 16:00 атрофида милицияга Гагарин кўчасида одамлар муштлашиб, ўқ отилгани ҳақида хабар келган. Воқеа жойига борган Қорасув ТИИБнинг тезкор тергов ходимлари ўқ отувчи қуролнинг сариқ рангли икки гильзасини топишган.

Шу сабаб «Одам ўлдиришга ҳаракат қилиш» моддаси билан жиноий иш қўзғалиб, гувоҳлар сўроқ қилинди. Милициядан жанжалга ўртадаги қарз сабаб бўлганини билдиришди. Қарзини талаб қилиб борган одам травматик тўппончадан икки марта ўқ отган.

Воқеа бўлган жойдан олинган видео Фейсбукка ҳам жойланди. Унда ўнга яқин одам воқеа жойда бўлганини, бир неча аёллар уларни ажратишга ҳаракат қилганини кўриш мумкин.

Милиция қўлга олинган фуқаро Қорасув шаҳрининг 36 ёшдаги турғуни эканини қўшимча қилди. Унинг ёнидан МР-79-9ТМ 9 мм. калибрли травматик тўппонча беш дони ўқи билан олинди.

Ҳозирда гумондор вақтинча сақлаш жойига киритилди. 33 ёшдаги жабрланувчига суд-тиббий, суд-криминалистика, суд-биологик ва суд-баллистик экспертизалари тайинланди. У бошидан ва чап оёғидан жабрланган. Ҳозирда туман касалхонасида даволанмоқда.

2021 йилнинг декабрида Қорасув шаҳрида «қуролли қароқчилик» бўлган. унда номаълум одамлар маҳаллий тадбиркорга қурол тақаб ,машинасини олиб кетган. Натижада «Деу-Лачетти» машинаси тўлиқ куйиб кетган.

Вилоят милицияси тезкор тергов ишларининг натижасида талончиликда гумонланиб олдин «Одам ўлдириш» ва «Ўқ отувчи қуролдан ноқонуний фойдаланиш» моддалари билан икки марта судланган 32 ёшдаги «Ш.М», олдин диний экстремизмга боғлиқ судланган 48 ёшдаги «А.У» ва аввал «Ўғирлик» моддаси билан судланган 46 ёшдаги «Р.Д» исмли фуқаролар ушланганини билдирган.

Қўлга олинган фуқаролар ёнидан ноқонуний сақланган қурол-яроғ топилиб, гумондорлар вақтинча сақлаш жойига киритилган.