Ўш шаҳар суди мэриянинг шаҳар қуриш ва муниципал мулк бошқармасининг етакчиси Алтинбек Пирматовни 2 мартда уй қамоғига чиқарди. Бу ҳақда «Клооп»га суднинг матбуот хизматидан билдиришди.
Маълумотга кўра, Пирматовга қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чорасини танлаб олишни судга тергов органлари таклиф қилган.
Пирматов Ўш шаҳридаги Масалиев ва Абдикадиров кўчаларининг кечилишидаги энг катта реклама билбордини «ноқонуний бузиш» бўйича иш асосида қўлга олинган. Ўш шаҳар прокуратураси амалдорни «лавозим ваколатларидан фойдаланишда» гумон қилмоқда.
Муниципал бошқарма бошчисининг адвокати Назгул Суйунбаева Пирматов айбловлардан норози эканини билдирган.
Шаҳар раҳбари Алмаз Мамбетов Алтинбек Пирматовни тергов ишлари битгунча ишдан бўшатган.
Ўшдаги энг катта реклама устунининг демонтажи
Альтинбек Пирматов бошқарган бошқарма ходимлари 2019 йилнинг октябрь ойида шаҳардаги энг катта реклама устунини бузган. Билбордга эгалик қилган «Инсайдер» МЧЖ етакчиси Алмаз Тўлўмушов мэриянинг ҳаракатини «ноқонуний» деган.
Шаҳар ҳукумати билбордни буза бошлаганда Ўш вилоят туманлар аро суди уни бузишни тақиқлаган. Бироқ шунга қарамай демонтаж охирига етказилган.
Пирматов устунчани бузишга махсус комиссиянинг хулосаси асос бўлганини билдирган.
«Бу устун бузилиши керак. Сабаби у ўрнатилган кундан бошлаб эгалари антикоррозия тозалашни амалга оширмаган, шу сабаб занг босиб кетди», — деган Пирматов.
Кўп ўтмай мэрия бузилган билборднинг ўрнига янги реклама тахтасини ўрнатиб, уни «Нурзаман» қурилиш компаниясига ижарага берган. Ўш шаҳар мэриясидан ижара ҳақи 2 млн сом эканини билдиришган.