МСК: Овозларни қўлда ҳисоблаш якунланди

Марказий сайлов комиссияси Бишкек шаҳрининг Биринчи май ва Свердлов округларида 27-февралда ўтган парламент сайловининг овозлари қўлда санаб бўлинганини билдирди. Барча материаллар округ сайлов комиссияларига тақдим этилди.

Қўлда санаш натижаларига кўра, Биринчи май округида бош вазир ўринбосари Элвира Сурабалдиева 9225 овоз тўплаган. АСУ маълумотларига кўра, у 9209 овоз олган.

Свердлов сайлов округида эса Абдурахманхажи Муртазалиев пешқадамлик қилмоқда. Автоматлаштирилган бошқарув тизими маълумотларига кўра, у 5797 овоз, қўлда ҳисоблаш натижаларига кўра эса 5806 овоз олган.

Қайта сайловда 50 нафар номзод иштирок этди. Ҳар икки округ бўйича сайловчилар рўйхатига киритилган қарийб 220 минг нафар фуқаронинг 52 мингга яқини овоз берди.

Икки округда ўтган йили 28-ноябрда ўтган парламент сайловида “барига қарши” деган овоз кўп бўлгани сабаб, сайлов қайта тайинланган.