Жалолобод: Қор кўчкиси остида қолган Адилет Коккозовнинг жасади топилди

411

Шимол-Жануб муқобил йўлининг Тоғуз-Торо тумани томонида кўчки босиб қолган 24 ёшдаги Адилет Кўккўзовнинг жасади топилди. Бу ҳақда Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг матбуот хизмати билдирди.

Марҳумнинг ва яна икки нафар хитойликнинг жасади 10 кундан буён топилмаётган эди. ФҲВдан қутқарувчилар Кўккўзовнинг жасади 26 февралда тушки соат 12:30лар атрофида ўзи ҳайдаган юкловчи техниканинг ичидан топилганини қўшимча қилишди. Марҳумнинг жасади милиция ходимларига ўтказиб берилди.

Кўчки босиб қолган Хитой фуқароларини қидирув ишлари давом этмоқда. ФҲВнинг 74 қутқарувчиси, «Чайна Роуд энд Бридж» компаниясининг еттита махсус техникаси, МХДҚнинг Чегара хизматидан тўрт нафар ходими, тез ёрдам хизматидан бир бригада ва тўрт нафар милиция ходими иш олиб бормоқда.

Адилет Кўккўзов бошчилигидаги тўрт киши кўчки остида қолганидан кейин 14 февралдан буён қутқарувчилар билан бирга қирғизистонликнинг яқинлари ҳам қидирув ишларига қўшилган эди.

Марҳумнинг яқинлари Адилет оиланинг ёлғиз фарзанди эканини, «Чайна Роуд энд Бридж» компаниясида ишлаётганига 5 ойгина бўлганини айтишган. Ҳодиса бўлган куни уни қор кўчкини тозалаш учун чиқаришган, лекин ишлаётган вақтда қайта қор кўчиб, Адилетни босиб қолган.

Тўрт кишини босиб қолган қор кўчкиси

14 февралда Шимол-Жануб муқобил автомобиль йўлида икки марта қор кўчиб, тўрт нафар шахс бедарак йўқолган. Яна 3 нафари турли жароҳатлар олиб, касалхонага тушган.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги дастлаб Кўкарт довонидаги тоннелнинг шимол томонида тахминан соат 12:30лар атрофида қор кўчганини билдирган.

Оқибатда «Чайна Роуд энд Бридж» компаниясининг уч нафар ходими — иккитаси хитойлик, бир нафари Қирғизистон фуқароси — ва қор тозаловчи техникалар қор тагида қолган.

Улар тоннелдан Казарманга қараб кетган йўлда тозалаш ишларини олиб бораётганда ҳодисага учрашган. Шу билан бирга қор остида «НИВА» русумидаги машина, экскаватор ва юкловчи техника қолган.

Ўша куни соат 17:30лар атрофида тоннелнинг жануб томонида иккинчи марта қор кўчиб, пикап машинасини ва вагонни суриб кетган. Натижада уч киши жабрланиб, бир киши бедарак бўлгани хабар қилинган.