Украина президенти Владимир Зеленский Россия ҳужумининг биринчи кунида 137 украиналик ҳалок бўлди, яна 316 киши ярадор бўлганини билдирди.
Россия томоннинг йўқотиши ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ, лекин Украинанинг мудофаа вазирининг ўринбосари Анна Маляр Россия Украинада «800га яқин ҳарбийсини йўқотган»ини айтмоқда.
Украина ИИВи Россия ҳарбийлари 25 февраль тонгида пойтахт Киевни ракета билан отишма бошлашганини айтишди. Аҳоли яшайдиган ҳудудлар ҳам отишма остида қолган. Уйлардан бирига ракета келиб тушган.
Тунда Киевга ҳозирча номаълум учувчи аппарат қулади. Олий Рада депутати Алексей Гончаренко бу Россиянинг отиб туширилган самолёти эканини билдирди, аммо ушбу маълумот тасдиқланмади. Бошқа бир версияга кўра, Россиянинг ракетаси Киев устидан Украинанинг Су-27 самолётини отиб туширган.
25 февралга ўтар кечаси Украина президенти аҳолини оммавий мобилизация қилишни эълон қилди.
24 февраль кечки вақтда Украина президенти идорасига Россия армияси Чернобил АЭСининг ҳудудини босиб олганини хабар қилишган.
«Россия ҳарбийларининг мутлақо аҳамиятсиз ҳужумидан кейин ЧАЭС хавфсиз эмас», — деб ҳисоблайди президент идораси етакчисининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк. У шу билан бирга Россия ҳарбийлари Киевдан 10 км масофада жойлашган «Антонов» аэропортини босиб олишганини айтди.
Подоляк қўшимча қилганидай, 24 февралда Украинанинг Сумск ва Харков вилоятлари «Россия ҳарбийларининг тўлиқ ҳужумида қолган». Оқибатда россияликлар вилоят марказини, Суми шаҳрини босиб олишган.
АҚШ президенти Жо Байден Россияга нисбатан янги санкцияларни эълон қилди. Санкциялар ўз ичига Россияга юқори технологияларни импорт қилишни 50%га чеклашни, шу билан бирга россиялик «Сбербанк» ва ВТБ банкларига нисбатан санкцияларни ўз ичига олади.
Байден АҚШ Россия билан урушмасликни, аммо НАТО давлатларини ҳимоя қилиш учун Европага қўшимча кучлар киритишни айтди.
Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкцияларни киритди: унинг технологияларга киришини чеклади. Россияга самолётлар билан авиа жиҳозларни сотишни тақиқлади, шу билан бирга банк бозорига, россиялик (унинг ичида ҳимоя қилувчи) компанияларга таъсир кўрсатадиган молиявий санкцияларни солди.
Россияда 24 февраль куни кечки вақтда кўп шаҳарларда одамлар Украинада бўлаётган урушга қарши норозилик акциясига чиқишди. «ОВД-Инфо» таҳририятининг маълумотига кўра, полиция 58 шаҳардаги норозилик акцияларида умумий 1789 кишини ушлаган.