Бишкек: Зўрлангани айтилган 13 ёшли қизнинг ота-онаси «уч милиционерни» жавобга тортишни талаб қилди

326

Бишкекда тажовузга учради дейилган 13 ёшдаги қизнинг ота-онаси  Адил Акжол ўғлининг  Youtube-каналига интервью бериб, ўсмирни «уч милиция ходими ҳам жинсий алоқага мажбурлаган» деб билдирди.

Бунгача, 21-февралда, Биринчи май ТИИБси 13 ёшдаги қизни «зўрлаш»да гумонлаб 19 ёшдаги йигитни ҳибсга олган. Кейин ушбу ишга милиция ходимларининг алоқаси ҳам бор деган маълумот тарқаган. Бишкек ШИИББнинг ички текшириш хизмати бу маълумотни суриштира бошлаган.

«Баданингни бизга берасан»

Жабрланувчи қизнинг отасини таъкидлашича, гумондор ҳамда милиция ходимлари қизининг ўғрилигини ошкор қиламиз деб қўрқитиб, жинсий алоқага мажбурлашган. У гумондорларнинг биттаси қамалиб, қолгани озодликда юрганидан норози бўлди.

«Аёлим оғир жарроҳлик амалиётидан чиқиб, қийналиб юрган вақтимизда, қизим дўкондан “наушник” ўғирлаган экан. Сотувчи дарров милицияни чақирмасдан яқин қариндошини чақирган. У келиб, қизимни машинасига солиб кетиб, жисмоний зўрлик ўтказиб, руҳий босим ўтказган. У қизимга “10-20 йилгача қамалиб кетишинг мумкин ёки 50 минг сомдан юқори жарима тўлайсан” деб қўрқитган», — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, қиз сотувчига оилавий шароитини тушунтириб, ёнидаги минг сомни бериб қутилишга ҳаракат қилган. Аммо сотувчи кўнмасдан бир қанча вақт ўтганидан кейин  милицияда ишлаган танишига хабар берган.

«У киши дўстими ёки яқиними билмайман. Аммо милиция формасидаги бир шахсни чақириб, ўшанга ўтказиб берган. У ҳам ўз машинасига солиб кетган. Қизим у кишига “онам бемор, пулдан қийналяпмиз, ёнимдаги минг сомни берай” деган. Лекин милиция ходимлари “сени фақат бир имконинг бор, танангни бизга берасан” деб қийнаган. Ўша куни тунги соат 11да машинасида зўрлаган», — дейди у.

Қизнинг отаси гумондорлардан бири ҳибсга олинганидан кейин қизи ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилганини билдирди. Аммо уни ўсмир қизнинг онаси сақлаб қолган. Отасининг таъкидлашича, қизининг бу ҳаракатидан кейин ҳибсга олинган гумондордан ташқари яна уч нафар милиция ходими зўрлаганини айтиб, уларнинг устидан ҳуқуқ-тартибот идора ходимларининг устидан шикоят ёзишган.

«Қизим ўзини ўлдирмоқчи бўлиб, ош пичоқ билан бошқа хонага кираётганда аёлим ушлаб қолган. Шундагина “мен бу сирни айтгандан кўра ўлиб кетайин дегандим” деб айтади. Кейин милиция ходимлари ҳам зўрлаб юрганини айтган. Улар қизимга тажовуз қилганидан кейин ҳеч ким шикоят қилмагани туфайли қайта зўрлашган. Иккинчи милиция [ходими] қизимга “сени ишинг битмади, уйдан чиқ” деб, очиқ далага олиб бориб зўрлаган. Учинчи милиция ходими эса қизни меҳмонхонага олиб бориб тажовуз қилган.  Бошқача айтганда “бир бирига совға сифатида” ўтказишган», — деди у.

Жабрланувчининг онаси, ўзи оғриб юргани туфайли ўша вақтда қизига кўп эътибор бермай қолганини айтади. Унинг таъкидлашича, воқеа бўлган куни қизини дўстлари билан юрибди деган хаёлда уни назорат қилмаган.

«Мени телефонида қизимнинг симкартаси бўлган. У ухлаётганда телефонимга хат келди. Ўқисам масхаралаган хат юборишган. Сезиб қолиб, қизимни номидан мен ўзим қайта жавоб ёзиб, охири шу болани топиб ҳибсга олдирдик. У 19 ёшдаги йигит экан. Айбини тан олди», — деб сўзини якунлади.

Бундан ташқари, жабрланувчи қизнинг ота-онаси президент Садир Жапаровга ва Бош прокурор Курманкул Зулушевге мурожаат қилиб, уч нафар милиция ходимига қонуний чора кўришни сўради.

Бу тўғрида Биринчи май ТИИБнинг матбуот хизмати «Клооп»га ҳибсга олинган биринчи гумондор икки ойга қамоққа олинганини билдирди. Уч нафар милиция ходимларининг иштироки бор эканлигини текшириш учун тегишли экспертиза тайинланганини ва қўшимча маълумот  берилишини таъкидлади.