Алтинбек Сулаймановнинг мандати пора олишда гумонланган собиқ финполчи Жамгирчиевга ўтади

301

«Альянс» депутати Алтинбек Сулаймановнинг мандати Финпол раҳбарининг собиқ ўринбосари Эмил Жамгирчиевга ўтади. Бу ҳақда «Клооп»га МСКнинг матбуот хизматидан билдиришди.

Жамгирчиев бунгача йирик миқдорда пул ундиришда гумон қилинган.

МСКдан «партия олган мандатлар номзодлар ўртасида овозлар сонига қараб, аниқроқ айтганда, рейтингига қараб бўлинишини» таъкидлашди. Жамгирчиев бошқа номзодларга нисбатан рўйхатдаги рейтинги юқори, шунинг учун депутатлик мандат унга ўтади.

Альтинбек Сулаймановни президент Садир Жапаров 24 февралда президентнинг Иссиқкўл вилоятидаги мухтор вакили этиб тайинлаган.

Эмил Жамгирчиевнинг жиноий иши

2019 йили Эмил Жамгирчиев «Хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш», «Пора олиш» ва «Товламачилик» моддалари бўйича айбланган.

Унда Хитойдан ўрдак гўштини ноқонуний йўл орқали етказиб берган деб айбланган хусусий тадбиркор Эмир Эмилканов жиноий ишини ёпиш учун Жамгирчиевга ҳукумат аппарати раҳбарининг собиқ ўринбосари Бактибек Калмуратов орқали йирик миқдордаги пора тўлаганини айтган. Иш ёпилмаган, Эмилканов Жамгирчиев билан Калмуратов устидан МХДҚга шикоят қилган. Жамгирчиев тадбиркорнинг айтганларини «ифлос ғийбат» деган.

2020 йилнинг октябрь ойида Жамгирчиев ва Калмуратов «Пора олиш»да гумонланиб ҳибсга олиниб, МХДҚнинг тергов қамоғига киритилган. Аммо 2021 йилнинг февралида Жамгирчиев уй қамоғига чиқарилган. Орадан икки ой ўтиб суд Калмуратовни ҳам уй қамоғига чиқарган.

Суд мажлисида тадбиркор Эмир Эмилканов судланувчилар 27 минг доллар товон тўлаганини, уларга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтган. Шу билан бирга собиқ финполчи Жамгирчиев ҳеч қандай пул тўламаганини айтган эди.

Бишкекнинг Биринчи Май туман суди 19 ноябрда Жамгирчиев билан Калмуратовни оқлаган. Прокурор ушбу моддалар билан уларнинг айби аниқланмаганини, уларни 15 йилга озодликдан маҳрум этиб, 250 минг сом жарима солишни сўраган.

Аммо суд ҳамма моддалар бўйича жиноий иш таркиби йўқ бўлгани учун Жамгирчиев билан Калмуратовни оқлаб, уларга реабилитация ҳуқуқини қайтариб берган.

Суд Калмуратовга қўйилган айбловни «Товламачилик» моддасига алмаштириб, жабрланувчи Эмир Эмилкановнинг даъвоси йўқлиги туфайли бу ишни қисқартирган.

Бу эса Жамгирчиев ҳеч қандай тўсиқларсиз парламент депутати бўла олади деганни англатади. У депутатликка номзодини «Альянс» партиясидан тавсия этган.