«Ҳудуд ижарага берилган». Ўшнинг Навоий паркидаги самолёт олинди

364
Сурат: T-Media

Ўш шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида тахминан 34 йилдан буён турган Як-40 самолёти 16 февралда олина бошлаган. Бу ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қизғин баҳсга сабаб бўлиб, шаҳарнинг баъзи яшовчилари самолёт олинганидан норози бўлди.

Шаҳарликлар ушбу самолёт «боғнинг рамзи» бўлиб қолганини, кўпчиликнинг болалик хотиралари билан боғлиқлигини айтишмоқда.

«Тартибсизлик, мэрияда шаҳарни тушунмаган «тушунчаси йўқ» одамлар юрибди. Сулаймон тоғни яқинда кўп қаватли бинолар ўраб олади, буни ҳам қарашмайди. Майли ижтимоий, иқтисодий масалаларни қараш қийин, ҳеч бўлмаганда шаҳар рамзларини назорат қилса бўладику», — дея ёзди Фейсбук фойдаланувчиларидан бири Медербек Мадаминов.

«Самолётнинг олинишига мэриянинг алоқаси йўқ»

Ўш мэриясининг матбуот котиби Азамат Жээнбеков «Клооп»га самолётнинг олинишига «мэриянинг алоқаси йўқлигини» билдирди. У самолёт турган ҳудуд 2021 йили хусусий тадбиркорга беш йилга ижарага берилганини айтди.

«Ижарага олган шахс мэрияга ҳар йили бир миллион сом тўлайди. Боғ ҳозирги вақтда хусусий шахснинг қарамоғида бўлгани туфайли самолётни олиб ташлаган», — деди у.

Шу билан бирга Жеэнбеков самолётни бунгача ижарага олган шахс олиб келганини, унга мэриянинг алоқаси бўлмаганини қўшимча қилди.

53 йиллик тарихга эга самолёт

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, ушбу самолёт 1969 йили Россиянинг Саратов авиация заводида ясалган. Ўша йили Як-40 Қирғизистоннинг Фуқаролик авиация бошқармасига, у ерга Ўш вилоят авиа отрядига ўтказилган.

Самолёт 1969-1987 йиллари ишлаган. 1979 йили эса, «Казахфилм» киностудияси суратга олган «Ташланг ёки ҳаммаси шанба куни бошланди» деб номланган киносида фойдаланилган. Як-40 русумидагилар орасидан ёлғиз мана шу самолёт сақланиб қолган.

Самолёт олиб келинганидан кейин дастлаб ичи кинотеатр, шундан сўнг видео кўргазма зали бўлган. Кейинчалик у фото студияга айланган.

Муаллиф: Апал Джусупбекова

Муҳаррир: Айбике Адилет қизи