“Журналистларга нисбатан қўпол муносабатда бўлмаслик керак”. Жапаров Kaktus Media иши ҳақида

334

Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров Kaktus Media га нисбатан очилган жиноят иши бўйича изоҳ бериб, “журналистларга бундай қўпол усуллар қўлланилмаслиги керак”, деди. Бундай фикрларни у 15 феврал куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтди.

"Мен хафаман. Журналистларга бундай қўпол усулларни қўлламаслик керак. [...] Тожиклар бўладими, Исроил бўладими, Хитой бўладими, депутатларимиз ҳам, журналистларимиз ҳам  отишма кетаётганда, одамлар ўлаётган пайтда эҳтиёткор бўлайлик. Сизларга [журналистларга] тегаётган одам ҳам йўқ асли”, -деди у.

Жапаров «Кактус»га қўзғалган жиноят ишига баҳо беришдан ва «бу сўз эркинлигига босим ёки босим эмаслигини» айтишдан ҳозирча олис эканини қўшимча қилди.  “Тергов ишлари олиб борилмоқда, тергов тугагач, баҳо беришимиз мумкин. Лекин мен [Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси] Камчибек Кидиршаевич ва [ИИВ раиси] Улан Микановичдан сўрадим, террорчилар, бандитлар, безорилар бўлади, уларга куч ишлатиш керак. Аммо энди биз журналистларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни анчадан бери ўрганганмиз ва бундан кейин ҳам ўрганишни давом этишимиз  керак”, — деди Жапаров.

Kaktus.media сайтидаги мақола

1-феврал куни прокуратура  Kaktus Media нашрида қирғиз-тожик чегарасидаги можаро ҳақида Тожикистоннинг “Asia Plus” сайтидан  олинган  маълумот эълон қилингани учун жиноий иш қўзғаган.

Назорат органи  нашрга қарши “Урушни тарғиб қилиш” моддаси бўйича жиноий иш очган.

Бош прокуратуранинг билдиришича, мақолада “қирғиз қўшинлари биринчи бўлиб ўт очиб, Тожикистонни гиж-гижлагани ҳақида ёлғон маълумотлар бор” деб ҳисоблаган.

Бундан ташқари, 28-январ куни Kaktus.media сайти биноси олдида 20 нафарга яқин одам  митинг ўтказди. Улар нашрни қирғиз-тожик чегарасидаги можарони “бир томонлама ёритишда” айблаган. Намойишчилар орасида терговчи журналист Болот Темировни қўллаб-қувватлаган “провокаторлар” ҳам бор эди.