Жапаров: Мазут можароси юзасидан журналистлар учун пресс-тур бюджетдан молиялаштирилди

340

Вазирлар Маҳкамаси Раиси Акилбек Жапаров Президент Администрацияси томонидан Жалолобод вилоятидаги “Қирғиз  Петролеум Компани” (ҚПК) давлат корхонасига пресс-тур ташкил этилганини тасдиқлади. Бу ҳақда у 15 феврал куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси [Камчибек Ташиев] ҳукумат аъзоси, бош вазир ўринбосари. Шу боис Президент девони ва матбуот хизмати ҳамкорлигида пресс-тур ташкил этилди. Журналистларга машина ажратдик, улар бориб келишди. У ерда 18-24 минг [сом] сарфланган, бунга аниқлик киритиш керак”, — деди Жапаров.

25 январ куни “Қирғиз Петролеум Компани” давлат ишхонасига пресс-тур бўлиб ўтди. Аввалроқ Temirov Live гуруҳи Ташиевнинг жияни Байгази Матисаков бошчилигидаги “Қирғиз Петролеум Компани” томонидан ишлаб чиқарилган мазутнинг Ташиевга қарашли “Регион Ойл” ширкати томонидан сотиб олингани  ва икки кун ичида 37 миллион сом даромад олгани бўйича текширув эълон қилинган.

Пресс-турда турли нашрлардан 20 нафар журналист иштирок этиб, уларни иккита Mercedes Sprinter микроавтобусида олиб кетишди. Журналистлар бир кун меҳмонхонада тунаб, икки кунлик овқати  учун ҳам ҳақ тўланган. Ташкилотчилар заводга етиб келишдан аввал журналистларга ароқ ва коняк таклиф қилишган.

Журналистлар билан суҳбатда Матисаков текширувни  “ёлғон” деб атади ва “Регион Ойл”га “бир литр ҳам мазут сотмагани”ни айтди.

“Регион Ойл” МЧЖга  Назгул Айдарова раҳбарлик қилади. Айдарова “Жалолобод нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖда ҳисобчи бўлиб ҳам ишлайди. Компания Казибек Ташиев томонидан асос солинган бўлиб, уни аслида Шайирбек Ташиев бошқаради.