МХДҚ Мадумаровнинг тарафдори Мирлан Ураимовнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади

332

Мухолифатчи «Бутун Қирғизистон» партиясининг аъзоси Мирлан Ураимовнинг адвокати Юлия Богданова МХДҚ уни «ижтимоий тармоқларда шарҳ қолдириб, ҳукуматни куч билан босиб олишга чақириқ қилиш» гумони билан қўлга олганини билдирди. Ураимов махсус хизматнинг вақтинча сақлаш жойига киргизилди.

Муассаса унинг МХДҚ СИЗО тергов изоляторига жойлаштирилганини тасдиқлади.

Бундан ташқари, қўмита фуқароларни «мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга қаратилган» ижтимоий тармоқлардаги «иғво ва чақириқларга берилмасликка» чақирди.

«Бугунги кунда давлатимиз дуч келаётган таҳдид ва чақириқлар ҳисобга олсак, бу Қирғизистондаги барқарорликни бузишдан манфаатдор бўлган кучларнинг фойдасига ишлайди», - деди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси.

Мирлан Ураимовнинг ҳибсга олиниши

«Бутун Қирғизистон» партиясининг аъзоси Мирлан Ураимов 8-февралда уйида МХДҚнинг ходимлари томонидан қўлга олинган. Шунингдек куч идоралари Ураимовнинг уйида тинтув ўтказиб, турмуш ўртоғининг ва қизининг телефонларини, шунингдек процессор ҳамда қоғозларни олиб кетишган.

Фаолнинг турмуш ўртоғи тинтув ҳақидаги протоколда «Орозайим Нарматованинг иши бўйича» деб ёзилганини таъкидлаган. Аммо у Нарматованинг дипломига Ураимовнинг қандай алоқаси борлигини тушунмаётганини айтган. Унинг фикрича, бундай ҳаракатлар билан ҳукуматдагилар  «ёшларни синдирмоқда».

Мирлан Ураимовнинг қўлга олиниши бўйича «Бутун Қирғизистон» партиясининг аъзоси Орозайим Нарматова ҳам Фейсбукда пост эълон қилган. У сўзини «Ураимовга бундан бир неча кун аввал МХДҚнинг йигитлари огоҳлантириш берган бўлиб, қўрқитишга ҳаракат қилганини менга айтган эди» деб бошлаган.

Нарматова партиядошини «кўзга кўринарли, энг фаол аъзоси» деб таърифлаб, «биз, ҳақиқат учун курашган фуқаролар ҳақиқат учун синмаймиз» деди.

«Мирлан сайловчиларнинг ҳуқуқи, миграция муаммоси, Баткен масаласи, Кампиробод ва турли оғир ҳолатларда белини боғлаб, шахсий амбиция, турли манфаатлардан бош тортиб, жон куйдирган қирғизнинг йигити!» — деди Нарматова.

Ураимов жамоатчиликда «Кампиробод» сув омборининг плотинасининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан фаол қатори таниқли.