Равшан Жээнбеков: МХДҚ синглимга қайта жиноят ишини қўзғади

336

Парламентнинг собиқ депутати Равшан Жээнбековнинг синглиси Мира Жээнбековага нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда сиёсатчи Фейсбук саҳифасида билдирди.

«Синглим Мира Жээнбековага МХДҚ «Коррупция» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатибди. У ҳозиргина сўроқдан қайтди», — деб ёзади Жээнбеков.

Жээнбековнинг сўзларига кўра, «аввалги ҳокимият даврида фақат рақибларнигина таъқиб қилиб ва ​​ҳибсга олишар эди, ҳозир қариндош, бола-чақа, ёрдамчиларига ўтишган».

«Бу йўл ҳукуматни, давлат институтларини ва давлатни жарликкагина олиб боради. Шу йўл билан мухолифатни йўқ қилиб, унинг оғзини ёпиш мумкин эмас», деб ҳисоблайди сиёсатчи.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳозирча Мира Жээнбековага нисбатан қўзғатилган жиноят иши тафсилотларига изоҳ бермади.

Ноқонуний бойиш бўйича қўйилган айб

8-апрелда МХДҚнинг матбуот хизмати Бишкек шаҳар судининг судьяси Мира Жээнбекова ноқонуний бойишда гумонланаётганини билдирган.

Терговнинг маълумоти бўйича, судья қонуний даромад манбаларига эга бўлмай, 74 қимматбаҳо квартира, 19 тижорий хона, 10 автомобил тўхтовчи жойини ва Бишкекнинг «олтин квадрати» дейилган ҳудудда ҳам қиммат ер участкаларини сотиб олган.

Temirov LIVE  журналистлари ўз текширувларини ўтказган ва Давлат қўмитаси кўрсатган манзилда фақат битта объект борлигини аниқлаган. Журналистларнинг аниқлашича, қурилиш компанияси билан улушли иштирок тўғрисидаги шартномага кўра, икки оила кўп қаватли уйнинг 20 фоизига эгалик қилади. Бу ҳар бир оила учун 7-8 хонадон, лекин 74 эмас.

Мира Жээнбековага тегишли дейилган икки уйнинг бири эса 2017-йили акаси томонидан сотилган. Қолган икки объктнинг бирини суд бўлгунча сотиб олган, бирини эса меросга олган.

Равшан Жээнбеков — парламентнинг собиқ депутати. Алмазбек Атамбаевнинг президентлиги вақтида у мухолифатда бўлган. Аммо собиқ президент таъқибга олина бошлаганда уни қўллаб чиққан. У Атамбаевнинг Қўй-Тошдаги қароргоҳи штурмга олинганда уни қўллаб бориб, натижада ўзи ҳам қамоққа олинган.

27-декабрда сиёсатчи қамоқ муддати ўтиб кетгани сабаб қамоқдан бўшатилган — унга нисбатан иш ҳали ҳам тергов қилинмоқда.