2020-йили контрабанда билан смартфон ташишдан давлат бюджетига бир млрд сом даромад тушмай қолди

293

2020 йилда смартфонларнинг Қирғизистонга контрабанда йўли билан олиб кирилиши ҳисобига давлат бюджети 1 миллиард сомга яқин зарар кўрди. Бу ҳақда 7 февраль куни Ахборот хавфсизлиги ва IT инфратузилмасини ривожлантириш ассоциацияси директори Айбек Баканов маълум қилди.

У Давлат божхона хизматининг маълумотларига кўра, 2020 йили мамлакатга 1 миллион 800 минг дона телефон олиб кирилгани, бироқ Алоқа соҳасида назорат қилувчи орган маълумотларига кўра, импорт қилинган телефонлар сони қарийб тўрт миллионни ташкил қилади деб тушунтирди.

«Расмий рақамлардаги фарқ жуда катта. Республика бюджетига етказилган барча зарарни ҳисобга оладиган бўлсак, бу тахминан 1 миллиард сомни ташкил этади. Бошқа тўловларни ҳисобга олмаганда, у 5 миллиард сомга етиши мумкин. Давлатга бу пул жуда керак, уни нафақа, ойлик ҳақи қилиб берсак бўларди. Афсуски, улар инсофсиз импортчиларнинг чўнтагига тушмоқда. Давлат идораларида коррупция бор, кўлами кенг», - деди Баканов.

Шу боис, ассоциациянинг етакчиси Қирғизистонга мобил телефонларни олиб киришда пул тўлаб рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қонунни жорий этиш зарур деб ҳисоблайди. Бу каби қонуннинг лойиҳаси 2021-йилнинг декабрида жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқилган. Рақамли ривожланиш вазирлиги лойиҳанинг асосий мақсади коррупция ва техника ўғирликларига қарши курашиш эканлигини айтган.

Баканов бу қонунни қабул қилиш халқаро компанияларнинг маҳаллий бозорга киришига йўл очади деб ҳисоблайди. Айни пайтда ассоциация раҳбарининг айтишича, ноқонуний импорт туфайли халқаро компанияларнинг вакилига Қирғизистон бозорида ишлаш фойдасиз.

«Шунинг учун расмий сервис марказлари мавжуд эмас. Расмий вакиллар йўқ бўлса, биз янги маҳсулотни эртароқ олиш, шунингдек, телефонни фоизсиз бўлиб тўлаш имкони билан олиш, эски смартфонни янгисига алмаштириб, устига қўшимча тўлов олиш ҳамда бошқа кўплаган кафолатларни олиш имкониятидан маҳрум қилмоқдамиз», — деди у.

Баканов телефоннинг IMEI-кодларини рўйхатга олиш учун тўлов 700 сомни ташкил қилишини айтди. Аммо бу истеъмолчи учун смартфон сотиб олишда унинг баҳосига таъсир этмайди деб таъкидлади.

*IMEI (International Mobile Equipment Identity) — мобил ускунанинг халқаро идентификатори. Бу  15 сондан иборат уникал код, у ишлаб чиқариш босиқичида ҳар бир мобил телефон билан смартфонга берилади ва ускунани тармоқ ичида таниб олишга ёрдам беради.

«Мамлакатда бор бўлган барча телефонлар бепул рўйхатга олинади. Халқнинг 99 фоизи бу ҳақда билмай ҳам қолади», — деб қўшимча қилди Баканов.

Қонунда жисмоний шахслар ускуналарнинг бир йил ичида қайд этиши кераклиги айтилади. Ускунанинг эгаси алмашган вақтда унинг янги эгаси бу ҳақда алоқа операторининг 10 кун ичида хабардор қилиши керак. Акс ҳолда телефон алоқадан ўчирилади.