Омурбек Текебаев Қирғизистоннинг Германиядаги элчиси бўлиб тайинланди

211

Президент Садир Жапаров «Ата Мекен» партияси етакчиси Омурбек Текебаевни Қирғизистоннинг Германиядаги элчиси этиб тайинлади.

Давлат раҳбарининг яна бир фармони билан 2020 йил июль ойидан буён Германиядаги элчи лавозимида ишлаб келган Эрлан Абдилдаев лавозимидан озод этилди.

ОАВ хабарига кўра, давлат раҳбари парламентнинг тегишли қўмитаси билан маслаҳатлашмаган ва бу тайинловни ўзи ҳал қилган. Амалдаги Конституцияга кўра, президент элчиларни ўзи тайинлаш ҳуқуқига эга.

Текебаевнинг элчи этиб тайинланиши мумкинлиги ҳақида илк бор ОАВ ўтган йилнинг сентябрида хабар берган эди. Текебаев бу маълумотга изоҳ бермади ва уни миш-миш деб атади.

Омурбек Текебаев бир неча ўн йиллардан бери Қирғизистон сиёсатида иштирок этиб келади. У ўзини мухолифатчи ва социалистик партия сифатида кўрсатувчи «Ата Мекен» партиясини бошқаради.

Садир Жапаров ҳокимиятга келганидан бери Текебаев уни бир неча бор танқид қилиб, «ҳозир Қирғизистонда бир шахснинг ҳокимияти ўрнатилаётгани ва бу йўлнинг охири йўқлигини» таъкидлаган.

«Ата Мекен» сўнгги парламент сайловларида иштирок этган, бироқ керакли миқдордаги овозни тўплай олмай, Жогорку Кенешга ҳам ўта олмаган. Ўшанда номзодлар рўйхати бошида Текебаев бўлган.

Овоз беришнинг дастлабки натижалари эълон қилинганидан кейин «Ата Мекен» партияси парламент сайловлари натижаларини тан олмаслигини маълум қилган ва ҳукуматни овозларни сохталаштиришда айблаган.

«Ата Мекен»нинг тарафдорлари сайловнинг натижасидан норози бўлганини билдиргандан кейин бир гуруҳ одамлар Текебаевга ҳужум қилишган. Кўп ўтмай Бишкекнинг Биринчи май туман ИИБи «Талончилик» моддаси билан жиноят ишини қўзғаб, сиёсатчига ҳужум қилиб телефонини тортиб олиш гумони билан бир кишини қўлга олган.

Текебаев бу ҳужумни ўзининг сиёсий фаолияти билан боғлаб, воқеани «сиёсий террорнинг бошланиши» деб атаган.

Бироқ президент Садир Жапаров ва МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев ҳукуматнинг мазкур ҳужумга алоқаси йўқ эканини билдирган.

Текебаев 2021 йилнинг декабрь ойи охирида Бош прокуратурада 2010 йилда Қирғизистон жанубидаги этник можаро иши бўйича  гувоҳ сифатида сўроқ қилинган эди. Ўшанда Текебаев Муваққат ҳукумат аъзоси бўлган.