Олабуқада олтин ишлаб чиқарувчи ишхонадан 2 кг олтинни ўғирлашда гумонланиб уч киши қўлга олинди

317

Олабуқа туманидаги олтин ишлаб чиқарувчи компанияга талончилик қилиш гумони билан жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда Жалолобол вилоят ички ишлар бошқармаси хабар қилди.

Муассасанинг маълумотига кўра, 2021-йилнинг 8-ноябрида соат 02:30да кон қазувчи компанияга ниқоб ва қўлқопли кишиларнинг гуруҳи бостириб кирган. Ҳужумга улар аввалдан тайёрланган таёқларни ва ўқ отувчи қуролларни кўтариб келишган.

Гумондорлар компаниянинг қоравулларини таёқ билан уриб, уларнинг бирига ўқ отиб, оёғини тиғли буюм билан яралашган. Улар компаниянинг бошқа ходимларига ҳам ҳужум қилиб, калтаклаб, арқон билан боғлаб, телефонларини синдириб, 20 минг сом пулини ўғирлаб кетишган.

«Олтин метал солинган хонанинг ойнагини бузиб кириб, wifi роутерини синдиришган. Темир сейфнинг ичида сақланиб турган вазни 1 кг 833 грамм олтин металини очиқчасига тортиб олишган. Ишхонанинг ховлисида тўхтаб турган Mitsubishi Delica русумидаги автомобилнинг ғилдиракларини пичоқ билан ёриб, фараларини синдириб, ёнида тўхтаб турган Toyota Land Cruiser Prado русумидаги автомобилини бошқариб, воқеа бўлган ердан изини яшириб кетишган», — деб билдиришди туман ИИБдан.

Жиноят ишида гумонланиб Олабуқа туманининг 30 ёшдаги Ч.Б., 27 ёшдаги Т.С. ҳамда 26 ёшдаги М.Ж. номли турғунлари қўлга олиниб, икки ойга вақтинча ушлаб туриш жойига киргизилган.

Мазкур факт жиноятларнинг ва қилмишларнинг умумий реестрига «Талончилик» моддаси билан қайд этилиб, судгача тергов ишин бошлаган.

Бунга қадар 2021-йилнинг октябрь ойида МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев махсус хизматнинг Олабуқа туманидаги ходимларига олтин конларининг ишчиларини уюшган жиноий гуруҳлардан ҳимоя қилиш бўйича топшириқ берган.

Ташиев «қайси бир ҳудудда уюшган жиноятчилик кучайган бўлса бу — амалдорларнинг яхши ишламаганидан хабар беради» деган.

Олабуқа туманида энг катта дейилган «Иштамберди» олтин кони бор. Геология хизматининг маълумоти бўйича, мазкур конда 19 тонна олтин бор. Аммо маҳаллий турғунлар бу маълумотга ишонмай, конда 80 тоннага яқин олтин бор деб ҳисоблашади.

Конни  Хитойнинг Full Gold Mining компанияси қазади. Маҳаллий турғунлар уч йил аввал кондан чиққан зарарли кимёвий моддалар уларнинг соғлигига салбий таъсир кўрсатаётганини айтиб, «Иштамберди»ни ёпишни талаб қилишган.