Бишкек: Машинадан 29 ёшдаги эркак кишининг жасади топилди

145

14-январь куни Бишкек шаҳрида тўхтаб турган машинадан 29 ёшдаги эркак кишининг жасади топилди. Бу ҳақда Свердлов ТИИБнинг матбуот котиби Назгул Иманбаева «Клооп»га билдирди.

Маълумотга кўра, Свердлов ТИИБнинг навбатчилик бўлимига Москва кўчасида тўхтаб турган BMW X6 русумидаги машинада 25-30 ёшлардаги кишининг жасади тургани ҳақида маълумот тушган.

Воқеа жойига борган тезкор тергов марҳумнинг шахсини аниқлади. У 1993-йили туғилган К.С. исмли фуқаро экани маълум бўлди.

Матбуот хизматидан тергов гуруҳи жасадни текшириш вақтида куч ишлатишнинг ташқи белгилари сезилмаган деб билдирганини қўшимча қилди.

Воқеа рўйхатга олиниб, суд-тиббий экспертиза тайинланди.

Шу йилнинг 5-январида Ўш вилоятининг Қорасув туманида «ДЭУ Тико» русумидаги автомашинанинг орт ўриндиғидан ўлдирилган аёлнинг жасади топилган. Марҳумнинг ўлимига гумондор қатори машина ҳайдовчиси қўлга олиниб, вақтинча сақлаш изоляторига киритилган.