«Қумтўр иши»: Собиқ бош вазир Жоомарт Оторбаевга 300 минг сом жарима солинди

357

11 январь куни Бишкекнинг Биринчи май туман судининг матбуот хизмати «Клооп» журналистига  собиқ бош вазир Жомарт Оторбаевга «Қумтўр иши»даги коррупция иши бўйича ҳукм чиқарилганини маълум қилди.

Маълумотга кўра, ҳукм 2021-йилнинг 30-декабрида эшиттирилган. Унга кўра, Оторбаев «Коррупция» моддаси бўйича айбдор деб топилиб, давлатга 300 минг сом миқдорида жаримага тортилди.

Жомарт Оторбоев 2014-йилнинг 25-мартидан 2015-йилнинг 24-апрелига қадар бош вазир лавозимида ишлаган.

Собиқ бош вазир 2021-йилнинг 16-сентябрида Қумтўр конига боғлиқ жиноий иш асосида қўлга олинган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Оторбаев бош вазир бўлган вақтда Қумтўр конини бош режасини экспертизадан ўтказишда Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш давлат агентлигига босим ўтказиб, сув кодекси ва «Сув ҳақидаги» қонун талабларини бузганини айтган.

Тергов собиқ премьер бу қадамга Centerra Gold Inc. Компанияси манфаати учун борган ва Лисий ва Давидов музликларини йўқ қилишга розилик берган деб ҳисоблайди.

Оторбоевдан ташқари собиқ депутат Талант Узақбоев ҳам Қумтордаги коррупция иши бўйича судланган. У айбдор деб топилиб, 300 минг сом жаримага тортилди.

Худди шундай ҳукмни Биринчи май туман суди собиқ депутат Исхақ Пирматовга ҳам чиқарган. 2021 йил декабрида айни суд собиқ депутатлар Асилбек Жээнбеков ва Тўробай Зулпукаровларни ҳибсдан озод қилган, улар ҳам «Қумтор» ишида коррупцияда гумонланувчи сифатида иштирок этган.