Қозоғистонда бир кунда юқори лавозимдаги уч офицер ҳалок бўлди

339

10 январда Қозоғистонда бир кунда юқори лавозимларда ишлаган уч офицер ҳалок бўлди: Турксиб туман полиция бошқармаси бошчисининг ўринбосари Танат Назанов, Қозоғистоннинг миллий хавфсизлик қўмитасининг полковниги Азамат Ибраев ва Жамбил вилоят Полиция департаментининг бошчиси Жанат Сулейменов.

Orda.kz нашрининг мухбири Жамбил вилоят Полиция департаментининг бошчиси, генерал Жанат Сулейменов ўз жонига қасд қилганини билдирган. Вилоят полиция бошчисини ўлимини ИИВ ҳам оммавий ахборот воситаларига тасдиқлади.

Журналист Михаил Козачков Телеграм каналига тартибсизликлардан кейин Сулейменовга жиноий иш қўзғалиб, трибунал билан таҳдидга дуч келганини ёзган.

Миллий хавфсизлик қўмитасининг полковниги Азамат Ибраевнинг жасади Нур-Султондаги уйини ҳовлисидан топилган. Бу ҳақда Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси хабар қилди. Муассаса таъкидлашича, судгача текширув бошланди.

Қозоғистондаги бир қанча ОАВда офицер ўз жонига қасд қилгани бўйича бир нечта версиялар айтилмоқда. Айтилишича, у кўп қаватли уйнинг деразасидан ўзини ташлаган.

Турксиб туман Полиция бошқармаси бошчисининг ўринбосари Танат Назаров соат 11:00да юрак хуружи сабаб иш жойида ҳалок бўлган. Бу ҳақда Orda.kz Олмаота Полиция департаментига таяниб билдирди.

Қозоғистондаги митинглар

Қўшни Қозоғистонда суюлтирилган газнинг нархи кескин кўтарилгани сабаб 2022 йилнинг 2 январида Мангистау вилоятида митинглар бошланган.

Норози томон газнинг нархини камайтиришдан ташқари ҳукуматни истеъфосини ҳам талаб қилган. Шунингдек, Қозоғистоннинг тўнғич президенти Нурсултан Назарбоевни дахлсизликдан маҳрум қилиш талаби ҳам айтилган. Митингчилар орасида «Чол, кет!» деган шиор тез-тез такрорланган.

Натижада норозилик акциялари вақтида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиққан. Тегишли қарорни президент Касим-Жомарт Токаев қабул қилган.

Қозоғистоннинг давлат раҳбари 6 январга ўтар кечаси Жамоат хавфсизлик шартномаси ташкилотига мурожаат қилиб, «террор хавфини енгишга» ёрдам сўраган. У бу мурожаатини ўлкада интернет пайдо бўла бошлагандан кейин қилган — ҳукумат 5 январда интернетни деярлик 7 соатга яқин ўчирган ва бу вақт оралиғида ўлкада нима бўлаётгани номаълум бўлган.

Токаев ЖХШТга мурожаат қилиб, суюлтирилган газнинг нархини туширишни ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев дахлсизлигини бекор қилишни талаб қилганларни «террорчилар» деб атаган. Шунингдек, Токаев митингчиларга нисбатан «қатъий чора кўришини» билдирган.

Маълум бўлишича, ЖХШТни «тинчлик ўрнатиш кучларини юбориш» кампанияси асосида — Арманистон (100дан 300гача), Россия – 1400, Беларус — 300, Қирғизистон — 150 ва Тожикистон — 100дан 200гача ҳарбий юбориш қарорини қабул қилган.

6 январдан бошлаб қозоқ ҳукумати митинг уюштирувчиларини «ликвидациялаш» деб аталган «тозалаш» ишларини бошлаган. Олмаота полицияси ўнлаган одамлар ҳалок бўлганини билдириб, буни «антитеррор операция» деб атаган.

Бироқ қозоқ ҳукумати ҳалок бўлган намойишчиларнинг аниқ сонини айтмади. Ҳукумат биргина қурбон бўлган полиция ходимларини аниқ сонини айтмоқда.

7 январда Қозоғистон президенти куч тизимларига ва армияга «жиноятчиларга ва террористларга огоҳлантиришсиз ўқ отишга» буйруқ берган. Токаев «бандитларни» ва «террористларни» йўқ қилиш кераклигини ва бу яқин орада бажарилади деб билдирган.