Бош консул: Олмаотада ҳибсга олинган қирғизистонликлар бугун озод қилинади

351

Олмаота шаҳридаги тартибсизликларда иштирок этганликда гумонланиб ҳибсга олинган тўрт нафар Қирғизистон фуқароси 11 январь куни озодликка чиқарилади. Бу ҳақда «Азаттиқ» Қирғизистоннинг Олмаотадаги бош консули Назарали Ариповга таяниб ёзмоқда.

Унга кўра, Қирғизистоннинг барча тўрт фуқаросининг шахси аниқланган. Улар 1990 йилда туғилган Закир Юбуров, 1991 йилда туғилган А.Хуров, 1987 йилда туғилган И. Мачо ва 2001 йилда туғилган А.Жиншанло бўлиб чиқди.

Қўлга олинганлардан бири Закир Юбуров Фото: «Кабар».

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, 10 январь оқшомида Қозоғистонда жами бўлиб 5 нафар қирғизистонлик қўлга олинган. Ҳибсга олинган бешинчи, мусиқачи Викрам Рузахунов 10 январь куни кечқурун ватанига қайтарилди.

Аввалроқ қирғизистонликларнинг ҳибсга олиниши бўйича мамлакат ТИВ Қозоғистонга нота юборган эди.

Шунингдек, Ариповнинг маълум қилишича, 150 нафардан ортиқ Қирғизистон фуқароси Олмаотадан Бишкекка қайтмоқда. Бош консул дипломатлар ўз ватанига қайтишни истаган ҳар бир қирғизистонликка кўмак ва ёрдам кўрсатганини таъкидлади.

Умуман олганда, 10 январь ҳолатига кўра, Қозоғистондаги тартибсизликлар натижасида икки нафар қирғизистонлик ҳалок бўлгани маълум қилинган. Улардан бири Олмаотада фитнес бўйича мураббий бўлиб ишлаган 32 ёшли Азиз Мусаев бўлган.

10 январь куни Қирғизистон Омбудсман институти, Чимкентда сўроққа олиб кетилган ва калтакланган Баяли Торогелдиев ҳақида унинг яқинларига таяниб, маълум қилди. Худди шу шаҳарда ҳуқуқ фаоллари 38 нафар Қирғизистон фуқароси ҳибсга олингани ҳақида хабар беришди. Кейинроқ Ташқи ишлар вазирлиги уларнинг ҳибсга олинганини тасдиқлаб, текширувдан сўнг улар қўйиб юборилганини маълум қилди.

10 январь куни кечқурун Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қозоғистонда бўлган ёки у ерда яшовчи қирғизистонликларни текшириш вақтида ўзларини хотиржам ва вазиятни англаган ҳолда тутушларини сўради.