Қийноқларга қарши миллий марказ Қозоғистонда ҳибсга олинган қирғизистонликларни ҳимоя қилишни сўраб БМТга мурожаат қилади

340

10 январь куни Қирғизистондаги Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази ўзининг Мувофиқлаштирувчи кенгашининг фавқулодда йиғилишида Қозоғистондаги сўнгги воқеалар пайтида ҳибсга олинган қирғизистонликларни ҳимоя қилиш масаласини кўриб чиқди.

Йиғилиш якунлари бўйича Жогорку Кенеш ва Вазирлар Маҳкамасига «Юқоридаги воқеалар чоғида ҳибсга олинган Қирғизистон фуқаролари сақланаётган ҳибсхоналарни назорат қилиш учун» идоралараро комиссия тузиш сўрови билан мурожаат қилишга қарор қилинди.

«Истанбул протоколи» тамойилларига мувофиқ қийноқ изларини ҳужжатлаштириш мақсадида комиссия таркибига Миллий марказ вакилларини, шунингдек, тиббиёт ходимларини киритиш таклиф қилинмоқда.

Бундан ташқари, Миллий марказ Қозоғистонда қирғизистонликларнинг қийноқ ва шафқатсиз муомаладан озод бўлиш ҳуқуқларини таъминлаш сўрови билан БМТнинг Қийноқларнинг олдини олиш бўйича қуйи қўмитасига мурожаат қилишни режалаштирмоқда.

Охирги маълумотларга кўра, бугунгача Қозоғистонда беш нафар қирғизистонлик қўлга олинган, шу муносабат билан Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қўшни мамлакатга нота юборган. ТИВ шунингдек, 7 январь куни Олмаота шаҳрида Қирғизистон Республикаси фуқароси 1989 йилда туғилган А.М.нинг вафот этганини тасдиқлади. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси эса яна бир қирғизистонлик Қозоғистондаги январь воқеалари қурбони бўлганини хабар қилди.

9 январь куни қирғизистонлик пианиночи Викрам Рўзахунов Олмаотада оммавий норозиликларга сабаб бўлган тартибсизликларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олингани маълум бўлди. Бу факт юзасидан Қирғизистон Республикаси Президенти ҳамда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари сўзга чиқди ва дипломатлар билан учрашишга эришдилар ва 10 январь куни кечқурун мусиқачи Бишкекка қайтиб келди.

Қирғизистоннинг Олмаотадаги бош консули Назарали Арипов интервьюсида қолган тўрт нафар Қирғизистон фуқароси ҳам 11 январь куни озод этилиши режалаштирилаётганини айтди.

2 январь куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ёқилғи нархининг икки бараварга ошишидан норозилар бошлаган акция мамлакат бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.

Ёнилғи нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди, Нурсултон Назарбоев истеъфога кетди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев илтимосига кўра, КХШТ ҳарбийлари Қозоғистонга киритилди. Мамлакатда "антитеррор" тадбирлари бошланди.