Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев 10-январни миллий мотам куни деб эълон қилди. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Берик Уали Фейсбукдаги саҳифасида билдирди.
Бундай қарор «ўлканинг бир нечта ҳудудларидаги воқеаларда одам ўлими қайд этилгани сабаб» қабул қилингани маълум қилинди.
Қозоғистондаги норозилик акцияси
Қўшни Қозоғистонда суюлтирилган газнинг нархи кескин кўтарилгани сабаб 2022-йилнинг 2-январида Мангистау вилоятида митинглар бошланган.
Бир неча кун ичида бошқа шаҳарларда ҳам яшовчилар митингга қўшила бошлаган. Намойишчиларнинг асосий қисми 4-январдан бошлаб турли шаҳарларда норозилик акцияларига чиқа бошлашган.
Ўлкада норозилик намойишлари тўхтамагани сабаб 6-январга ўтар кечаси Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига мурожаат қилиб, «террор хавфини енгишга» ёрдам сўраган.
Токаев суюлтирилган газнинг нархини туширишни ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултан Назарбаевнинг дахлсизлигини бекор қилишни талаб қилганларни «террорчилар» деб атаган. Шунингдек, Токаев митингчиларга «қатъий чора кўришини» билдирган.
6-январдан бошлаб қозоқ ҳукумати митинг уюштирувчиларини «ликвидациялаш» деб аталган «тозалаш» ишларини бошлаган. Олмаота полицияси ўнлаган одамлар ҳалок бўлганини билдириб, буни «антитеррор операция» деб атаган.
Жогорку Кенеш 7-январдаги ёпиқ йиғинда Қирғизистон ҳарбийларини Қозоғистонга юборишга розилик беришди. МХДҚ раиси Камчибек Ташиев қўшни ўлкага 150 қирғиз ҳарбийини, 8 бронетехника ва 11 машина юборилишини билдирган.