«Бўғдим, урдим». Қорасувда турмуш ўртоғини ўлдирганини тан олган киши қамоққа олинди

392
Гумондор

Ўш вилоятининг Қорасув туманида 30 ёшдаги аёлнинг ўлимига боғлиқ «Одам ўлдириш» моддаси билан жиноий иш қўзғалди.

Ўш ВИИБнинг маълумотига кўра, воқеа 4-январь куни соат 21:57 атрофида бўлган. Милицияга туманнинг Шарқ қишлоқ ҳудудида Ўш — Бишкек йўлининг 663-чақиримидаги бурилишига яқин далада Hyundai Sonata машинасининг ҳайдовчиси аёлини ўлдириб қўйгани хабар қилинган.

Тезкор тергов гуруҳи воқеа жойига бориб, тўхтаб турган машинанинг орқа ўриндиғидан аёлнинг жасадини топишган. Сиртдан текширилганда аёлнинг бўйнига рўмоли ўралиб, қизил рангдаги доғлар борлиги аниқланган.

39 ёшдаги эри милиционерларга марҳум унинг иккинчи аёли эканини айтган. Унинг сўзларига кўра, аёли билан 3-январь куни гап талашиб уришиб кетишган. 4-январда соат 17:00 атрофида уйига келиб, аёлини олиб Ўзган шаҳрига бориб, қайтиб келаётиб Фурқат қишлоғига етганда иккиси яна уришиб кетишган.

«Шу сабаб у машинасини дала томонга ҳайдаб борган. У аёли билан олишиб, марҳум ерга йиқилган вақтда оғзини қўли билан ёпиб, рўмоли билан бўғган. Аёли қимирламай қолганда машинанинг орқа ўриндиғига қўйиб, воқеа бўлган жойдан кетишга ҳаракат қилган. Шу вақтда милиционерлар бориб қолган», — деб билдиришди Ўш ВИИБидан.

Милиция тарқатган видеода киши айбини тан олганини кўриш мумкин. Аёлини «бўғдим, урдим» деб айтиб берган.

Милиция терговни давом эттирмоқда. Аёлнинг олган жароҳатининг даражасини ва ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинланган.

Айбланувчи вақтинча сақлаш жойига киритилди.

Қирғизистондаги аёлларга нисбатан зўравонлик

Бу йил Қирғизистон Марказий Осийда аёллар учун энг хавфли давлат деь топилди. Ўлкада эркаклар аёлларни уриб, зўрлаб, ўлдириб кўп ҳолларда жазосиз қолишади.

Шунингдек, Қирғизистонда аёллар кўпроқ оилавий зўравонликдан жабрланишади. Охирги йилларда ҳар йили 7000га яқин оилавий зўравонлик содир бўлмоқда. 2021-йилнинг ноябрь ойидаги расмий маълумот бўйича ўтган йили оилавий зўравонликни 8405 ҳолати рўйхатга олинган. Бу 2020-йилга қараганда 30%га кўп.

Бундан ташқари, кўпчилик зўравонликнинг жабрланувчилари милицияга ариза билан мурожаат қилмагани сабаб рўйхатга олинмай, ҳисобга олинмай қолади. Бу оилавий зўравонликнинг масштаби расмий статистикадан анча кўплигидан хабар беради.

Агрессорли қонун доирасида жазолаш жуда қийин — кўп жиноий ишлар жарима тўлаш ёки жамоат ишларига жалб қилиш билан чекланади.

Шу сабаб жавобгарликка тортилмаслигини билган агрессорлар аёлларини ўлдириб қўйишлари ҳам мумкин.

«Клооп»нинг журналистлари Қирғизистондаги фемицид ҳақида текширув олиб бориб, аёллар кўпроқ эри ёки бирга яшаган шериги қўлида ажал топишини аниқлашган — бу оилавий зўравонликни вақтида олдини олмаслик бўлиб саналади.