Ижтимоий тармоқларда «Олмаота шаҳрининг “морг”ида олинди» деган видео тарқади, қозоқ ҳукумати муносабат билдирмади

429

Қозоғистонда Интернет ишлай бошлагандан кейин ижтимоий тармоқларда «Олмаота шаҳридаги моргда олинган» деган видео тарқалди. Унда митинглар вақтида «ўнлаган одам ҳалок бўлгани» маълум қилинади.

Видео муаллифи ҳалок бўлган одамларнинг юзларини очиб кўрсатиб, уларнинг орасида ёш йигитлар борлигини таъкидлаган. Муаллифнинг айтишича, намойишчилар кўкрак қафасига ва бош суягига ўқ тегиб ҳалок бўлишган. Видеода тахминан ўн бешга яқин одамнинг жасадини кўриш мумкин.

Шунингдек, яна бир видеода қопларга ўралган ўн бешга яқин одамнинг жасадини ўликхона коридорида ётганини кўриш мумкин. Унда жасадларни тиббиёт ходимлари текшираётгани ҳам тушган.

Диққат! Видеода ҳалок бўлган одамларнинг жасади кўрсатилган кадрлар бор. Видеоларни кўриш учун қуйидаги ҳаволага киринг.

Бунгача Қозоғистоннинг ИИВ митинг вақтида саккиз полиция ходими ва миллий гвардия ҳарбийи ҳалок бўлганини билдирган. 317дан ортиқ куч органи ходими жароҳатлангани айтилган.

Ҳозирда қўшни давлатнинг ҳукумати полиция билан намойишчиларни тўқнашувида ўлка бўйича қанча одам ўлгани ҳақида маълумот бермади.

Олмаота шаҳрининг коменданти Канат Таймерденов шаҳардаги тартибсизликларда 500дан ортиқ одамга ҳужум бўлганини маълум қилди. Таймерденов жабрланганларнинг 130 нафари аёллар ва қариялар эканини таъкидлаган.

Ҳозирда бутун Қозоғистон ҳудудида фавқулодда ҳолат режими эълон қилинган. Давлат раҳбари Касим-Жомарт Токаев ЖХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилди.