Собиқ депутат ва бош прокурор Аида Салянова №29 Свердлов округида бўладиган қайта сайловга қатнашади. Бу ҳақда у «Азаттык»қа билдирди.
Салянова ўз интервьюсида «уни сайловга қатнашишига қонуний томондан ҳеч қандай тўсқинлик йўқ» деб таъкидлади. Бироқ у ҳужжатларини Марказий сайлов комиссиясига топширмаган.
2021-йилнинг 28-ноябрида ўтган парламент сайловида №27 Биринчи май ва №29 Свердлов округларида «Барига қарши» овоз берганлар кўп бўлиб, қайта сайлов эълон қилинди. Мазкур икки округда қайта сайлов 27-февралда бўлади, депутатликка номзодларни кўрсатиш 27-январда тугайди.
1-январга кўра икки округдан сайловга қатнашиш ниятини 13 номзод билдирди — уларнинг орасида собиқ депутат Элвира Сурабалдиева ҳам бор.
Аида Саляновага боғлиқ ишлар
2016-йили бош прокуратура Саляновани «Лавозимидан фойдаланишда» айблаган. Тергов версияси бўйича, Салянова 2010-йили юстиция вазири бўлган Алексей Елисеевдан судланмагани ҳақида маълумотнома сўрамай, адвокатлик лицензиясини узайтириб берган.
Салянова адвокатлик лицензия қонуний узайтирилганини ва бу иш собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг «буйруғи» деб билдирган. Сабаби собиқ депутат 2015-йили бош прокурорлик хизматидан кетгандан кейин Атамбаевни танқид қила бошлаган. Ўша йили у «Ата Мекен» партияси билан Жогорку Кенешга депутат бўлиб келган.
Сиёсатчи 2016-йили Атамбаевнинг конституциявий ислоҳотларига қарши чиқиб, ўлканинг асосий мухолифатчи депутатларининг бири бўлиб қолган. Ўша йили унинг турмуш ўртоғи Бакит Абдикапаров етти йилга шартли судланган.
2017-йили олий суд Аида Саляновани беш йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳукмини ўз кучида қолдирган. Уни вояга етмаган боласи бўлгани учун жазо муддати 2029-йилга жилдирилган. Бироқ Алексей Елисеев Салянова билан таниш эмаслигини, 2010-йили адвокатлик лицензияси узайтирилгани билан ҳеч қандай фойда кўрмаганини айтган.
Шу билан бирга Салянова 2019-йили криминал Азиз Батукаевни ноқонуний бўшатиш ишининг фигуранти бўлган. бу иш асосида қўлга олинган амалдорларга «Коррупция» моддаси билан айб қўйилиб, айбланувчиларнинг кўпи тергов билан ҳамкорлик қилган. Саляновага боғлиқ иш Бишкекнинг Биринчи май туман судида қаралмоқда.
2021-йилнинг март ойида олий суд адвокатлик лицензияси бўйича Саляновага нисбатан чиқарилган айблов ҳукмларини бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқишга юборган.