«Экологик тоза ва фойдали». «Қумтўр» конни ер остидан ишлатишга ўтказишни кўзлайди

358

Майнинг ярмидан бери қирғиз ҳукуматини вақтинча ташқи бошқарувида бўлаётган «Қумтўр Голд Компани» конни ишлатиш стратегияси ўзгартирилиб, конни секин-асталик билан ер остида ишлатишга ўтказишни кўзлаётганини билдирди. Бу ҳақда 27-декабрда компаниянинг матбуот хизмати маълум қилди.

«Қумтўр»дан олтин аралашмали рудани ер остидан қазиб олиш усули ҳозирги очиқ қазишга қараганда «экологик тоза ва иқтисодий томондан фойдали» эканини таъкидлашди.

Ер остидаги шахта. Сурат: «Қумтўр Голд Компани»

Centerra вақтида қандай бўлган?

Компаниядан 2008-2012-йиллари «Қумтўр» рудани ер остидан қазиб олиш лойиҳасини амалга ошира бошлаганини, бироқ Centerra Gold Inc. бу режалардан бош тортганини билдиришди. Ўша вақтда лойиҳага деярлик 180 миллион доллар сарфланган.

«Конни Канаданинг “Центерра Голд” компанияси бошқарганда конни ишлатиш очиқ йўл билан олиб борилган. Натижада 1 тонна олтин бўлган рудани қазиб олиш учун 41 тоннадан 60 тоннагача бўш тупроқни олиш зарур бўлган. Бу кўрсаткич бўйича Қумтўр тоғ-кон компаниялари орасида дунёда 1-ўринда туради», — деб билдиришди «Қумтўр»дан.

Компания Туркиядаги Ўзгут конини ва Канададаги Миллиган тоғини мисол қилиб келтирди – иккала кон ҳам Cэнтерра томонидан бошқарилади. «Қумтор» маълумотларига кўра, Ўзгутда 1 тонна олтин сақловчи рудани қазиб олиш учун бир вақтнинг ўзида 2 тонна, Миллиган тоғида эса 1 тонна бўш жинсни қазиб олиш зарур.

«Канада билан Туркиянинг экология талаблари тоғ-кон компанияларига уларнинг ҳудудида ваҳшиёна йўл билан кон қазиш ишларини олиб боришга йўл бермайди», — деб таъкидлашди «Қумтўр»дан.

Ер остидан қазишни қандай яхши томонлари бор?

Компаниядан агар ер остидан қазишга ўтадиган бўлсак, бир тонна олтин бор рудани қазиш учун 2 ёки 3 тонна бўш тупроқ олинади деб билдиришмоқда.

Бундан ташқари, компания маълумоти бўйича, Қумтўр конидаги ер остидаги рудаларда «олтиннинг таркиби тоннасига 5 граммдан ошади, бошқача айтганда, очиқ йўл билан қазиб олишдан деярлик икки марта юқори». Бироқ «Қумтўр»дан ер остидан қазишни йўлга қўйиш ҳозиргидан қиммат бўлишини таъкидлашди. Бироқ кейинчалик руда қазишнинг тан нархи ҳозиргидан паст бўлади.

«Олтин бўлган рудаги ер остида қазиб олиш лойиҳасини амалга ошириш учун КГКда янги лойиҳалаш бўлими тузилди. Ҳозирда уни юқори квалификацияли хорижлик ва маҳаллий мутахассислар билан тўлдириш иши давом этмоқда», — деб билдиришди компаниядан.

Қумтўрда конни секин-асталик билан ер остидан қазишга ўтиш режаси борлигини шу йилнинг май ойида компаниянинг ташқи бошқарувчиси Тенгиз Бўлтүрүк ҳам айтган эди. Бироқ у мазкур усул билан олтин ишлаб чиқаришнинг миқдори камайиб кетишини айтган.

Олдин нима дейишган?

«Кумтор Голд Компани» сайтида эълон қилинган «5 каналнинг» 2015-йил  27-июнидаги видеорепортажида конни ер остида қазиш иқтисодий томондан фойдасиз деб айтилади.

«Биз ҳозир Қумтўр конини очиқ йўл билан қазиб оляпмиз. Унда фойдали конларни ернинг устки қисмидан олинади. Албатта, қазишнинг бундай тизими жуда оддий, хавфсиз ва ҳаражати оз», — деб айтилган лавҳада.

Бироқ ўша вақтда Қирғизистон касаба уюшмалари Федерациясининг техник меҳнат инспекцияси етакчиси Догдурбай Тинибеков ер остидан қазиш оғирлигини айтган. Масалан, ҳар бир ишчига ҳаво етказилиши керак, шахтага сувни оқиши очиқ қазишга нисбатан кўпроқ. Унинг айтишича, ер остида қазиш яқин орадаги музларни эришига ҳам таъсир қилади.

Қумтўр конини марказий карьери. Сурат: президент маъмуриятининг матбуот хизмати

2015-йили геология ва минерал ресурслар бўйича давлат агентлигини етакчиси Дүйшенбек Зилалиев парламент йиғинида ер остида қазиш мумкин, бироқ бу аҳамияти йўқ деган.

Унинг айтишича, бу йўл билан қазиш рудани ишлатиш ва олтин олишни тан нархини оширади.

«Ишлатувчилар текширув ўтказиб, бир шахтани қазиб кўришган. Ҳар бир метрдан 40 куб тупроқ олиб чиқиш керак бўлган. Варвар портлатишлар сабаб ер бўшашиб қолган. Бир метрни қазиш учун астрономия суммалар кетади. Ишлатувчилар бу вариант рентабелли эмас деган хулосага келишган. Ер остида қазиш усулида ишлаш хавфсизлиги камайиб, хавф ортади […] Ер остида қазишда хандақ қазиш керак, натижада Давидов музлиги карьерга қулайди. Ер остида қазиш тўхтатилади», — деб келтирган Knews.kg нашрига Зилалиев сўзларини.

Қумтўр атрофидаги воқеалар

Centerra Gold Inc. «Қумтўр Голд Компани» «филиал» компанияси орқали Марказий Осиёдаги баланд тоғли йирик олтин қазиш кони Қумтўрни ишлатган. Қирғизистон Centerra Gold’ акциясининг 26%га эгалик қилади ва компания акцияларининг йирик сақловчиси ҳисобланади.

17-майда «Қумтўр Голд Компани»га сиртдан бошқарув киритиб, Тенгиз Бўлтүрүк бошчи бўлиб тайинланган. Канада компанияси бунга жавоб тарзида Қирғизистон ҳукумати аввалги мажбуриятларни бузиб, «конни зўрлик билан босиб олди» деб билдириб, Бўлтүрүкни судга берган.

Тенгиз Бўлтүрүк ва Садир Жапаров. Сурат: Президент маъмурияти

Қирғиз ҳукумати канадалик компанияга қўйган энг асосий даъво — экологик зарар. Масалан, шу йилнинг май ойи бошида Бишкекни Октябрь туман суди «Қумтўр Голд» ишхонасидан давлат фойдасига 261,7 млрд сом ёки 3 млрд доллар ундириб олишга қарор қилган. Суд компанияни Қумтўр конини ишлатишда Лисий ва Давидов музликларига қолдиқларни тўкишда айбдор деб топган.

12-майда Қумтўр фаолиятини текширган давлат комиссияси ишини дастлабки натижасини чиқариб, олтин қазувчи компаниядан, бунгача суд талаб қилган маблағларни ҳисобга олиб 459 млрд сом (4 млрд 252 млн доллар) ундуришни таклиф қилган.

Centerra Gold Inc. қирғиз ҳукуматининг ҳаракатига жавоб қилиб, Қирғизистон ҳукууматига қарши арбитраж мажбурий текширувни таклиф қилган. Компаниядагилар ҳукуматнинг ҳаракати томонлар ўртасидаги шартномаларни бузади деб ҳисоблашади ва улар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзлашади.

Қирғиз томон билан Centerra ўртасида яна бир неча суд жараёни бормоқда. Бундан ташқари, томонлар яна музокаралар ўтказмоқда, бироқ бу қайси босқичда экани ва қандай самарага эришгани номаълум.