Ақаев депутат бўлади. Олий суд МСКнинг квота бўйича қарорини бекор қилди

310

Жогорку Кенешнинг еттинчи чақирилишини депутатлик мандати учун тортишув «Альянс» партиясидан номзод Жанар Акаевнинг фойдасига ҳал бўлди. Бу Олий суднинг 28-декабрда чиқарган қароридан маълум бўлди.

Матбуот хизматидан «Клооп»га билдиришларича, Олий суд Бишкек маъмурий суди қарорини ўз кучида қолдирди. Бунгача Бишкекнинг маъмурий суди Марказий сайлов комиссиясини «30%лик гендер квота» бўйича қонунига ўзгартириш киритган қарорини 21-декабрда бекор қилган.

Мазкур квотага кўра, Токтобубу Оргалча депутат бўлиши керак эди. Бироқ Акаев бу қарорга рози бўлмай, судга мурожаат қилган.

МСКнинг муҳокамага сабаб бўлган қарори

Марказий сайлов комиссияси 15-декабрдаги йиғинида «овоз бериш натижаларини ва сайлов натижаларини аниқлашни ташкил қилиш тартиби ҳақидаги» қонунга ўзгартиришлар киритган.

Янги ўзгартиришларга мувофиқ, агар парламентга ўтган партия 7 мандатга эга бўлса, унинг учови аёл номзодларга берилади. Аввалги қонунда 7 мандат олган партияда икки номзод аёл бўлиши керак деб кўрсатилган эди.

Акаев сайлов натижасида партиядошлари орасидан 7-ўринни олиб, мандат олиши кутилган. Бироқ унинг ўрнига янги «гендер квота» билан мандат Токтобубу Оргалчага ўтказилган.

МСКнинг йиғинида мазкур ўзгаришлар қонунни сайлов ҳақидаги конституциявий қонунга мослаш учун қабул қилингани айтилган. Унга кўра, парламентга ўтган партияларда 30% гендер квота сақланиши керак.

Жанар Акаев «МСК адолатсиз буйруқни бажарди» деб билдирган. Номзод МСКнинг раҳбарияти  «қарорни ўзгартириши учун комиссия аъзоларига босим ўтказди» деган фикрни айтган.

Жанар Акаев мандат олмаслиги маълум бўлгандан кейин Оргалча президент Садир Жапаровнинг аёли Айгул Жапаровани «дугонаси» деган маълумот тарқала бошлаган. Сабаби Оргалчага тегишли «Шидир Жол Кей Джи» компаниясини автобуслари 2020-йилдаги октябрь воқеаларида Садир Жапаровнинг тарафдорларини ташигани маълум қилинган.

2021-йилнинг июнь ойида Бишкекдаги маршруткалар иш ташлаганда Айгул Жапаровага тегишли «Умут булаги» жамоат жамғармаси 20 автобус ёллаб, шаҳар турғунларини бепул ташиган. Бу автобуслар «Шидир Жол Кей Джи» компаниясига қарашли бўлган.

Бироқ «Шиир Жол Кей Джи»нинг вакили Нургази Балтабаев улар автобуслар учун ижара ҳақини олишмаганини, «Умут булаги» фақатгина 60 литрдан ёқилғи қуйиб беришини билдирган.

Kaktus.media нашри компания Бишкек мэриясига автопарк ҳудудидан фойдаланиш учун 1 млн сомдан ортиқ қарзи борлигини таъкидлаган. Бундан ташқари, «Шидир Жол Кей Джи» бир неча йўналишлар бўйича автобусларни йўлга қўйишни истаб, шаҳар ҳукумати билан тортишгани айтилган.

Парламент сайлови олдидаги дебатларда «Ата Мекен» партиясининг номзоди Али Токтакунов да Оргалчани президент Садир Жапаровнинг «аяши» деб атаган.

Бу билдирувларга аввал президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев реакция қилиб, Айгул Жапарова Токтобубу Оргалча билан «ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва у билан умуман таниш бўлмаганс» деб билдирган. Оргалча «президент ва биринчи хонимни бир марта ҳам кўрмаганини», шу билан бирга давлат раҳбарининг сиёсатини қўллашини билдирган.

Президент Садир Жапаров эса МСКнинг ишига аралашмаслигини таъкидлаб, Жанар Акаевга «мени ўзингдай ўйлама» деган.