Ўш вилоятининг Қорасув туманида 57 ёшдаги эрини пичоқлаб ўлдирган 41 ёшдаги аёл бир ойга қамалди. Бу ҳақда «Клооп»га Ўш вилоят ИИБнинг матбуот котиби Жениш Аширбаев билдирди.
Маълумотга кўра, воқеа Шарқ қишлоғида 9-декабрь куни таҳминан соат 19:40да бўлган. Эр-хотинлар «спиртли ичимлик истеъмол қилиш вақтида жанжаллашиб кетган».
Терговнинг версияси бўйича аёл ошхона пичоғи билан эрининг кўкрак қисмига бир марта сайиб юборган. Турмуш ўртоғи жароҳат оқибатида воқеа жойида вафот этган.
Марҳумнинг опаси воқеа бўлган ерга келиб қолиб, тез ёрдам хизматини чақирган. Шифокорлар фуқаронинг вафот этганини билгандан кейин милицияга хабар берган.
«Туман ИИБнинг ходимлари воқеа жойида текширув олиб бориб, қонга бўялган ошхона пичоғидан бармоқ изларини олишган. У марҳумнинг турмуш ўртоғининг бармоқ изига 100% мос келган. Шунингдек аёлнинг қўлида ва кийимида қон излари бўлган», — дейди Аширбаев.
Матбуот котиби милиция борганда «аёл уйида маст аҳволда ўтирганини, жиноятни тан олиб воқеани айтиб берганини» қўшимча қилди.
Милиция «Қотиллик» моддаси билан жиноят ишини қўзғаб, марҳумга суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Қорасув туман суди эса 10-декабрда гумондорни бир ойга қамоққа олиш қарорини чиқарган.
«Клооп»нинг журналистлари бунга қадар охирги беш йилда турмуш ўртоқларини ўлдириб қамоққа ҳукм қилинган аёлларнинг суд актларини тадқиқ қилиб чиқишган. Унда кўпчилик вақтда аёллар зўравонликдан ҳимояланиш мақсадида эрларини ўлдириб олгани аниқланган.
Аммо бунга қарамай тергов идораларига ҳимояни жиноят қатори баҳолаш қулай экани маълум бўлган — чунки бу уларнинг иш кўрсаткичига ижобий таъсир беради.
Жами бўлиб эркаклар оилавий низо вақтида уриб-тепиши, аёллар эса пичоқ билан ҳимояланиши аниқланган. Аммо судлар уларнинг ўртасидаги жисмоний фарқни ҳисобга олишмаган.