Боткен: Қирғиз-тожик чегарасида осмонга ўқ отилди, ҳозирда вазият «барқарор»

367
Видеодан олинган скрин

Боткен вилоятининг қирғиз-тожик чегарасига яқин ҳудудида ўқ отилди. Бу ҳақда 16-декабрда МХДҚга қарашли Чегара хизмати хабар қилди.

Маълумотга кўра, қирғиз фуқаролари Боткен туманидаги Кўча-бўйи қишлоғида қурилиш ишларини олиб боришган. Кўп ўтмай у ерга Тожикистоннинг ҳарбийлари келиб, қурилишни тўхтатишни талаб қилишган.

Икки томон тортишиб кетиб, тожик ҳарбийларидан бири «Макаров» русумидаги тўпонча билан тўрт марта осмонга ўқ отган.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеода тожик ҳарбийлари ва номаълум шахс қирғиз қишлоғида жанжал чиқарганини кўриш мумкин. Видеонинг муаллифи эса тожик ҳарбийлари «қирғизнинг кўчасига кириб, уруш чиқармоқда» ва «бизнинг куч органлари қирғизларни тўхтатиб қолмоқда» деган изоҳ берган.

Жанжалдан кейин Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегара хизматларининг вакиллар учрашув ўтказган. Унда қирғизистонликлар қурилиш ишларини чегарага яқин ҳудудда эмас, Кўча-бўйи қишлоғининг ичида олиб боргани аниқланган. Шу сабаб тожик томон қурол «ноқонуний қўлланилганини» тан олган.

Шунингдек, идорадан Тожикистоннинг чегара вакили жанжалга йўл берган ҳарбийларга чора кўрилади деб ишонтирганини таъкидлашди.

Чегара хизмати қирғиз-тожик чегарасида вазият «барқарор» эканини қўшимча қилди.

2-декабрда Боткен туманининг Дахма участкасига яқин ҳудудда Тожикистон тарафдан номаълум шахслар 7-8 марта ўқ отишган. Ўқ тахминан ов қуролидан отилган.

Воқеа тафсилотларини аниқлаш учун икки давлатнинг чегара застава етакчилари тезкор турда воқеа жойига бориб, ўқ отган шахсларни қидирув бўйича келишган. Шунингдек хавфсизликни таъминлаш мақсадида чегара ҳудудида қўшма кузатув ишларини олиб бориш қарори қабул қилинган.