Cадир Жапаров сиёсий кучларни, жумладан муҳолифатни ҳам бирлашишга чақирди

359

Президент Садир Жапаров 15-декабрда Тарих музейида 2021-йилнинг — Қирғизистон мустақиллигининг 30 йиллиги* хулосасини чиқариш учун ҳозирги ва аввалги амалдорлар билан учрашди. Бу ҳақда президент администрациянинг матбуот хизмати хабар қилди.

*«Қирғизистоннинг давлат мустақиллиги ҳақидаги декларацияси» 1990-йили 15-декабрда Қирғиз ССРнинг Олий Совети қабул қилган.

Матбуот хизмати учрашувга собиқ президентлар Роза Отунбаева билан Сооронбай Жээнбеков, шунингжек ҳозирги ва аввалги амалдорлар келганини маълум қилишди.

Суратларга қараганда, ҳозирда Қирғизистонда юрган собиқ прездиент Асқар Ақаев учрашувга чақирилмаган. Алмазбек Атамбаев ҳам келгани йўқ — у колонияда.

*Ақаев Қирғизистонга 14-декабрда «Қумтўр» иши бўйича МХДҚга тергов учун келган. Собиқ президентни эртасигаёқ сўроққа олишган. Унинг адвокати Айбек Самарбеков Ақаев яна терговга олиниши мумкинлигини ҳамда у ҳафтанинг охиригача мамлакатда бўлишини билдирган.

Бу Ақаевнинг Қирғизистонга иккинчи марта келиши. Ақаев биринчи марта Қирғизистонга орадан 16 йил ўтгандан кейин 2021-йилнинг 2-августида келган.

Қочқин президент Ақаев давлатни 15 йил бошқарган. У 2005-йили, «лола революцияси» деб аталган тўнтаришдан кейин давлатдан қочган. Тўнтаришга халқаро кузатувчилар тарафидан адолатли эмас деб топилган парламент сайловининг натижаси сабаб бўлган.

Тадбирда Садир Жапаров нутқ қилиб, учрашув сўнгида келган муҳмонларга ўзаро суҳбатлашиб, фикр алмашишга ва музейдаги экспонатлар билан танишишга ҳам имконият берилади.

Садир Жапаров нима ҳақида айтди?

Қабулда Жапаров «Яқин 5 йил давомида давлат сиёсати янги Қирғизистонни қуришга йўналтирилади» деб билдирди. Унинг айтишича, бу сиёсат фуқароларнинг ишончини, бирлигини ортиришга, фаоллик, ижодкорлик имкониятини юқорилатишга, шунингдек ҳаёт сифатини яхшилашга, ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлашга қаратилади деб айтган.

Президент келган меҳмонларга мурожаат қилиб, улар жорий йили давлат бир қатор жиддий воқеаларни бошдан кечирганига гувоҳ бўлишганини таъкидлади. Шунингдек у Қирғизистон тарихида биринчи марта Жогорку Кенешга сайлов маъмурий аралашувга йўл берилмай ўтганини билдирди.

«Йилнинг бошида президентлик сайловини ва бошқарув шаклини аниқлаш бўйича конституцион референдум ўтди, шундан кейин, 11-апрелда “Қирғизистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш бўйича умумхалқ референдуми муваффақиятли ўтказилди. Янги минстрлар кабинети тузилиб, Қирғизистон тарихида биринчи марта административ аралашувга йўл қўйилмай, Жогорку Кенешга адолатли ва тоза сайлов ўтказилиб, сиёсий реформаларнинг деярлик бир йилга чўзилган охирги босқичи муваффақиятли якунанмоқда», — деди давлат раҳбари.

Жапаров, шунингдек, ўттиз йил давомида Қирғизистон халқи турли муаммоларга дуч келганини, оптимал ривожланиш моделини топишга уринганини, лекин охир-оқибат фуқаролик жамияти фаол, адолатли, лойиқ яшаш ҳуқуқи учун курашган давлат ҳамда эркинликни севган халқ деган  имижи ва обрўсини сақлаб қолишга муваффақ бўлганини таъкидлади.

«Мен давлат раҳбари ва ижро ҳукуматининг етакчиси қатори Қирғизистондаги ҳар бир фуқаронинг ҳаёт шароити учун ўзимни масъул, уларнинг олдида ўта жавобгар ҳис қиламан. Шу сабабдан менинг жамоам давлат тизимида ва иқтисодда тизимли йирик реформаларни амалга оширишга интилишмоқда», — деб айтди Садир Жапаров.

Жапаров давлатнинг ташқи сиёсати ҳақида ҳам фикрини айтиб, қўшнилар билан ҳам, стратегик ҳамкорлар Россия, Туркия ва Хитой билан ҳам ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ташқи сиёсатнинг приоритети эканини таъкидлади.

Жапаров ўз сўзи якунида ушбу йўлнинг муносиб давом этишида жамиятдаги барқарорлик муҳим аҳамият касб этишини қўшимча қилиб, мамлакатимиздаги барча сиёсий кучлар, иттифоқчилар ва мухолифатларини, жамиятнинг барча вакилларини ҳамжиҳатликка чақирди.