Жалолободда ўсмир қизни никоҳига олиш мақсадида ўғирлаган киши уй қамоғига чиқди

372

Жалолобод шаҳрида мажбурлаб никоҳга олиш мақсадида 17 ёшдаги қизни ўғирлаган 27 ёшдаги киши уй қамоғига чиқди. Бу ҳақда «Клооп»га вилоят судининг матбуот хизмати билдирди.

Маълумотга кўра, қизни ўғирлаган гумондор 2022-йилнинг 9-февралигача уй қамоғида бўлади. Қиз ўғирлашга ёрдам берган шериги эса икки ойга тергов қамоғида қолдирилди.

Вилоят судидан мазкур қарорнинг сабиби тушунтирилмаган.

Эслатиб ўтсак, 8-декабрда Жалолобод шаҳрининг Тўқтўғул кўчасида эрталабки соат 07:55ларда бир неча йигит 17 ёшдаги қизни куч билан ўғирлаб кетишган.

Бу вақтда гувоҳлар видео тасвирга олиб, уни ижтимоий тармоқларга тарқатган. Унда қизнинг қаршилик кўрсатганига қарамай бир неча киши куч қўлланиб машинага солган. Қизга дугонаси ёрдам беришга ҳаракат қилган, аммо болалардан бири унинг қўлини қайриб, ушлаб турган.

Қизни машинага солгандан кейин бошқа одамлар ҳам келиб ёрдам бермоқчи бўлган, аммо гумондорлар машинани ҳайдаб кетишган.

Ўша куннинг ўзида милиция тезкор-тергов олиб бориб, жабрланувчи 17 ёшдаги Бозорқўрғон туманининг турғуни эканини, уни ўзининг ҳамқишлоғи — 27 ёшдаги киши уйланиш мақсадида ўғирлаб кетганини аниқлаган.

Милиция ходимлари гумондорнинг уйига бориб қизни ота-онасига ўтказиб берган. Гумонланувчи эса тергов хизматига етказилган. Кўп ўтмай қизғни ўғирлашга ёрдам берган яна бир гумондор қўлга олиниб, иккиси ҳам вақтинча ушлаб турилувчи ерга киргизилган эди.

Судга етмаган олиб қочиш фактлари

Қирғизистонда олиб қочиш бўйича ишларнинг кўпи судга етмай қисқариб кетади  — етса ҳам айбланувчилар кўп ҳолларда жазосиз қолишади. Масалан, 2020-йили Жалолобод вилоятида олиб қочиш бўйича 19 факт қайд этилиб, уларнинг бари терговда қисқарган.

Милиция бунга «қизларнинг ота-оналари улар ўз истаги билан турмуш қурганини,даъволари йўқлиги айтиб ёзган қарши аризаларини» асос қилган.

Жами бўлиб 2021-йилнинг тўққиз ойида Қирғизистонда олиб қочишнинг 187 ҳолати қайд этилган. Унинг саккизтасигина судга ўтиб, қолганлари «жиноят унсури йўқ бўлгани сабабли» иш қисқартирилган.

Апрелда ўғирланиб, шундан кейин ўлдирилган Айзаданинг аянчли воқеасидан кейин «Клооп»нинг ва «Азаттык»нинг журналистлари «олиб қочиш» бўйича охирги беш йилдаги суд жараёнларини тадқиқ қилиб, Қирғизистонда олиб қочишга қарши модда деярли ишламайди деган хулосага келишган.