Қишлоқ хўжалик вазирлиги техник наша ўстириш имкониятини кўриб чиқмоқда

358

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги саноатда фойдаланиш учун мамлакатда техник наша ўстириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда парламентнинг 9-декабридаги йиғинида Яйлов ва наслли чорвачилик департаментининг директори Жанибек Керималиев депутат Ақилбек Кемеловнинг саволига жавоб бериш вақтида билдирди.

Кемелов Керималиевга савол берар экан, агар наша ёввойи бўлмаса гиёҳванд модда сифатида таъсирсиз эканини таъкидлади.

«Бизнинг деҳқонлар техник нашани экиб, фойда келтириш жиҳатини яхши ўзлаштириб олса, картошка эккандан кшра ва бошқа оғир ишдан кўра кўпроқ фойда олган бўлар эди деб фаоллар айтмоқда», — деб билдирди депутат.

Яйлов департаментининг директори техник нашани ўстириш масаласи 2020-йилдан бери кўтарилиб келаётганини билдирди. Шунингдек муассаса бу масала бўйича ишчи гуруҳ тузганини ва унга ИИВ ҳамда Гиёҳванд моддаларга қарши курашиш хизматидан вакиллар кирганини қўшимча қилди.

Керималиев техник нашадан одатда кийим тикилади ва дори-дармонлар тайёрланади деб қўшимча қилди.

Ҳозирда «Гиёҳванд моддаларни, ақл-ҳушга таъсир қилувчи моддалар ва прекурсорлар ҳақида»ги қонуннинг 25-моддасига кўра, Қирғизистоннинг ҳудудида нашани ҳамда таркибида гиёҳванд модда бўлган ўсимликларни ўстириш тақиқланган.