Ўш: «Маст аҳволда йўл тирбандлигини юзага келтирди» дейилган инспекторнинг устидан суриштирув бошланди

360

Ўшда «маст ҳолда машина бошқариб, йўлларда тирбандликни юзага келтирди» деган вилоят ЙҲХТБ инспекторининг устидан хизмат текшируви бошланди.

6-декабрда ижтимоий тармоқларда «Қарға қарғанинг кўзини чўқийдими ёки йўқми» деган номдаги видео тарқаган. Унда инспектор экани айтилган киши «маст ҳолда ролда ўтиргани» айтилган. Видеода автомобил йўлининг ўртасида тўхтаб турганини кўриш мумкин.

Видеонинг муаллифлари Ўш шаҳар патрул милиционерларини чақириб, ҳайдовчига нисбатан чора кўришни талаб қилишган.

Видеодан кўринишича, ходим дейилган киши фуқаро формасида бўлган. У видеони тарқатганларни ва патрул милиционерларининг саволларига жавоб бера олмаган.

Ўш вилоят йўл ҳаракатининг хавфсизлигини таъминлаш бошқармасининг матбуот котиби Алтинбек Тенизбаев «Клооп»га видеода уларнинг ходими тасвирга олинганини тасдиқлади. У «ходим воқеа иш вақтидан ташқари бўлганини айтмоқда» дейди.

«29-ноябрь куни 18:00дан кейин бўлган демоқда. Бошқа барча вазиятлар суриштирув давомида аниқланади», — деди у.

Матбуот котиби инспектор ишидан четлатилмагани, ишида давом этаётганини қўшимча қилди.